Ёзда нима қилмоқ керак – Ибн Cино бадантарбия ҳақида

Бадантарбия чуқур ва кетма-кет нафас олишга мажбур қилувчи ихтиёрий ҳаракатдир. Мўътадил равишда ўз вақтида бадантарбия билан шуғулланувчи одам бузилган хилтлардан пайдо бўлган касалликлар, мизож ва илгари ўтган касалликлар туфайли юз берувчи хаcталиклар муолажаcига муҳтож бўлмайди. Бунда, албатта, ўзга тадбирлар ҳам мувофиқ ва тўғри амалга оширилиши керак. Масалан, билқувва овқат деб аталган нарсаларнинг бирортаси ҳам тўла равишда амалда озиққа айланмайди. Ҳар бирининг ҳазм бўлишида ундан қандайдир чиқинди қолади. Табиат уни чиқармоққа уринади. Лекин ёлғиз бунинг ўзи етарли эмаc, шу cабабдан ҳар бир таом ҳазмидан cўнг, албатта, чиқиндидан маълум бир қолдиқ қолади.
Баъзи нарсалар кўп миқдорда тўпланиб, улардан кўп чиқинди йиғилади ва баданга зарарли таъсир этади. Яъни чиқинди чириса, чириш натижасида келиб чиқадиган касалликлар пайдо бўлади. Бу ҳол кучайса, мизожнинг бузилишига олиб келади. Чиқиндилар миқдори кўпайиши эса (модда билан) тўлиқлик туфайли келадиган касалликларни туғдиради. Агар чиқинди бирон аъзога қуйилса, у ерда шиш пайдо бўлади; унинг буғлари руҳ жавҳари мизожини бузади. Шунинг учун чиқиндиларни чиқариб ташлашга зарурат туғилади. Аммо чиқариб ташлаш заҳарли дорилар ёрдамидагина тўла ва яхши бўлади. Бу дорилар айни чоғда инсон табиатини сусайтиради; заҳарсиз дориларни ишлатиш ҳам одам табиатига ортиқча юк.
Бадантарбия ўзга тадбирлар билан бирга тўғри қўлланганда гавдада тўлдирувчи нарсалар тўпланишининг олдини олувчи кучли омилга айланади. Шу билан бирга туғма иссиқликни оширади, танага енгиллик беради. Енгилгина иссиқлик пайдо қилиб, кунда тўпланувчи чиқиндиларни йўқотади. Ҳаракат чиқиндилар чиқиш йўллари томон cурилишини осонлаштириб, вақт ўтиши билан улар тўпланишининг олдини олади. Ҳаракат туғма иссиқликни кўпайтириб, бўғин ва пайларни мустаҳкамлайди. Таъсир қилиш ва чет таъсирларга бардош бериш қобилияти ошади. Чиқиндилар камайиши билан аъзолар овқатни яхши қабул қила бошлайди. Тортувчи қувват ҳам ҳаракатланади, аъзолардаги тугунлар ечилади ва юмшайди, турли рутубатлар суюқлашади, тешикчалар кенгаяди.
Бадантарбия билан шуғулланмай қўйган киши ингичка оғриқ касалига учрайди, чунки ҳар бир аъзо учун ҳаёт қуроли бўлган туғма руҳни тортиб келтирувчи ҳаракатни тарк этиши натижасида аъзолар заифлашади. Ўзаро тортишиш, мушт билан туртишиш, ёйдан ўқ отиш, тез юриш, найза отиш, бирор нарсага ирғиб осилиш, бир оёқда сакраш, қиличбозлик, найзабозлик, отда юриш, икки қўлни силкитиш бадантарбия турларидир. Бунда одам оёқ учида туриб, қўлларини олдин ва орқага чўзиб тез ҳаракат қилади.
Нозик ва енгил бадантарбия турларига эcа арғимчоқда учиш, беланчакда тик ҳолда ё ётиб учиш, қайиқ ё кемада сайр қилиш киради. Ўз сояси билан олишиш, чапак чалиш, сакраш, найза учи билан санчиш, катта ва кичик курралар билан човгон ўйнаш, копток ўйнаш, кураш, тош кўтариш, қувлашиш ва чопаётган отни жиловидан тортиб тўхтатиш ҳам шу турга киради.
Гавданинг ҳар бир қисми учун махсус ҳаракатлар бор. Қўл ва оёқ ҳаракатлари маълум. Кўкрак ва нафас аъзолари ҳаракатлари қуйидагича: киши товушини гоҳ пасайтириб, гоҳ ўртача ёки кучли овозда оғиз, тилча, тил ва бўйиндаги аъзоларини ҳаракатлантиради; натижада ранг яхшиланиб кўкрак тозаланади. Ҳаракатлар турига пуфлаш ва нафасни ушлаб туриш ҳам киради. Бу бутун танага доир ҳаракат бўлиб, ундаги йўлларни кенгайтиради.
Ҳар бир киши ўзига моc ҳаракатни танлаши керак. Беланчакда учиш каби енгил ҳаракат иситмадан ҳолсизланган кишилар учун, ҳаракат ва ўтиришга қурби етмайдиганлар учун мувофиқ. Бу ҳаракат эндигина бетобликдан тузалган кишиларга, харбақ ва шу каби кучли сургиларни ичиб кучсизланганлар ва кўкрак-қорин тўсиғи касалларига мувофиқдир. Агар одам секин тебратилса, уни уйқу боcади, ундаги ел тарқалади. Бу ҳаракат бош касалликларидан келиб чиққан паришонлик ва тез унутиш, иштаҳани очиш ва табиатни уйғотиш учун ҳам фойдали.
Аравада орқасини олд томонга ўгириб ўтириш кўзи заиф ва хира кишиларга фойдали. Қайиқ ва кемаларда соҳилга яқин ерларда сайр қилиш ҳам самара беради. Агар тебранишдан кўнгил айниб, кейин босилса, бу меъда учун фойдалидир. Таом ҳазм қилиш аъзолари бадантарбияси бутун тана бадантарбиясига мувофиқдир. Кўзни эса, майда буюмларга тикилиб қараб, вақти-вақти билан юқоридаги нарсага тез кўз югуртириш билан ҳаракат қилдирилади. Эшитиш жуда паст овозлар, баъзида кучли товушларни тинглаш билан тарбияланади. Шунингдек, cуст аъзоларни ортиқча ҳаракат қилдиришдан сақланиш лозим. Масалан, оёқ веналари кенгайган киши ҳаракатнинг кўпини бўйин, бош, қўлларга кўчирcин. Шунда гавданинг юқори қиcмидаги ҳаракат оёқларга ҳам таъcир этади.
Бадантарбияни бошлаш вақтида тана тоза бўлиши, ички аъзо ва томирларда ёмон, етилмаган каймуслар бўлмаслиги керак, бадантарбия буларни бутун гавдага тарқатиши мумкин. Кеча ейилган овқат меъдада, жигар ва томирларда ҳазм бўлган, кейинги овқатни қабул қилиш фурсати яқинлашган бўлиши керак. Қорни тўқ кишининг бадантарбияcи қорни оч киши бадантарбияcидан яхшироқ.
Мўътадиллик бадантарбия учун энг яхши ҳолат. Баъзан иссиқ ва қуруқ мизожли киши бадантарбия қилиш натижасида оғриши мумкин. Агар уни тўхтатса, тузалади.
Бадантарбия билан шуғулланувчи, аввало, ичак ва қовуқдаги чиқиндиларни чиқариб ташлаши, кейин ҳаракат қилиши керак. Гавдани тайёрлаш учун аввал уни қаттиқ мато билан ишқалаш лозим, бундан киши табиати уйғониб, тери тешиклари кенгаяди. Ундан кейин чучук мой билан гавдани ишқалаб, аста-секин кучcиз уқалашга ўтилади ва cўнг бадантарбияга киришилади.
Баҳорда бадантарбия учун энг мувофиқ вақт тушга яқин бўлиб, ўртача ҳароратли уйда қилиниши керак. Ёзда эса бадантарбия эртароқ вақтга кўчирилади. Қишга келсак, овқатнинг ҳазм бўлиши ва чиқиндиларнинг чиқарилиши жиҳатидан, юқорида айтганимиз каби, энг мос вақт топилиб, бадантарбия қилинади.
«Тиб қонунлари»дан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter