Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Юз ёшдан ошган бухоролик жангчи – Файзулло бобо ҳикояси

Юз ёшдан ошган бухоролик жангчи – Файзулло бобо ҳикояси

Тарихдан маълумки, Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистоннинг ҳам ғалабага қўшган ҳиссаси беқиёс бўлган. 1941–1945 йиллардаги мудҳиш кунларда мамлакатимиз фронтга қурол-яроғ, озиқ-овқат еткизиб берган. Ўзбекистон собиқ иттифоқнинг уруш бораётган ҳудудларидан эвакуация қилинган миллионлаб фуқаролар учун бошпанага айланган. Ўзбек оилалари динидан, миллатидан қатъий назар минглаб етим болаларни асраб олган. Ўшанда аҳолиси 6,5 миллион бўлган Ўзбекистондан урушга 1,5 миллион киши қатнашиб мардлик ва жасорат кўрсатган. Ушбу инсонлар ўз вақтида умумий ном остида ғалаба учун курашган.

Уларнинг аксарияти жанг майдонларида ҳалок бўлган, айримларига эса тақдир, нафақат ғалаба гашти, балки узоқ умр кўриш имкониятини ҳам берди...

Бугунги дориломон кунларда уруш даврида олов кечган Файзулло бобо Ҳожиевнинг ҳам ҳиссаси бор.

Файзулло Ҳожиев 1941 йилда, 20 ёшида фронтга сафарбар қилинган. Фронтда мардлик, жасорат кўрсатган. Ёвга юзма-юз келган. Бугун отахон 104 ёшни қаршиламоқда. Соғ-саломат, оиласи даврасида бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. Бизни отахоннинг ташқи кўринишидан 100 ёшдан ўтганларга ўхшамаслиги ҳайратга солди: тетик ва бақувват. Воронеж, Тула, Петропавловский, Харков ва бошқа уруш чегараларигача борган. Харковда оёғидан жароҳатланган.

– 12 нафар фарзандим, 140 нафар невара, эвара, чевараларим бор. Ҳаммасини ўқитганман, ҳаммаси ишда. Уруш бўлмасин, тинчлик бўлсин. Уруш майдони ҳам бир синов экан, болам. Кўпимизни тоблади. Ўлимга тик боқсак ҳам ёв қаршисида юрагимизда ҳадик бўлмаган. Танклар ҳужумида окопларда – тупроқлар остида қолганмиз. Кўз олдимизда неча-неча сафдошларимиз бири қўлидан, бири оёғидан, кимдир кўзидан, кимдир бошидан жудо бўлган. Сен билан ҳозиргина елкама-елка турган қуролдошинг шундоқ қўлингда жон таслим қилади. Бирови «мени бедарак йўқолган, у ўлмаган, деб етказ», дея ҳалок бўлган бўлса, бири севган ёрига ёзган мактубини қўлларимизга тутқазади. Эҳ, Аллоҳ ўзи асрасин урушдан! – дейди отахон.

Кўкси медаллар шодасига тўлган отахон уруш қийинчиликларини ёдга олар экан, ўша мудҳиш кунлар ортда қолганига шукрлар айтади.

Ўғилларидан бири Хайрулло Ҳожиевнинг сўзига кўра, отахон ҳар доим эъзоз ва шарафда бўлган. Отахон ҳар кун боғ сайрига олиб чиқишларини айтар, уларга боғбончилик ва деҳқончиликдан сабоқ беришдан чарчамас  экан.

– Файзулло бобо Ҳожиев кўрсатган жасорати, босиб ўтган намунали умри барчани бирдек ҳаяжонга солиши аниқ. Бундай инсонлар доим қадрланади, жасорати ёшларга намуна ўлароқ тилга олинади, ҳеч қачон унутилмайди. Файзулло бобо туманимиз фахри ҳисобланади. Ҳар доим ёшларга ўрнак бўлиб келган. Маслаҳат ва йўл-йўриқларини аямайди. Ҳали-ҳануз фидоий ва талабчан, – дейди маҳалла раиси Анвар Ҳамроев.

Ҳар бир сўзи ҳикмат бўлган бундай инсонлар ўгитини тинглаш, дуоларини олиш кишини фикрлашга, бугунги дориломон кунларни қадрлашга ундайди. Ўз кечинмалари билан ўртқолашган Файзулло бобо тинчликни қадрлаб, Ватан тараққиётига хизмат қилиш кераклигини уқтиришдан чарчамайди. Бундай инсонларнинг орамизда борлиги ҳам катта бир давлатдир.

Маълумот ўрнида: Бухоро вилоятида бугунги кунда 5 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ҳаёт ва улар эъзозда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг