ДХХ раиси Афғонистон Разведка хизмати раҳбари ва вазирлари билан учрашди

Музокаралар давомида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистонни ҳалқаро муносабатларнинг тўлақонли аъзосига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётгани таъкидланди.
Кеча, 22 июль куни, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раиси Баҳодир Қурбонов бошчилигидаги делегация Кобул шаҳрида Афғонистон Разведка хизмати раиси Абдул Ҳақ Восиқ билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар давомида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, Афғонистонни ҳалқаро муносабатларнинг тўлақонли аъзосига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттирилаётгани таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон президентининг Бирлашган миллатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро анжуманларда афғон масаласи бўйича якдил позициядаги чиқишлари келтириб ўтилди.
Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистон ва Афғонистон чегараларида дахлсизликни сақлаш, чегара пунктларида кириш-чиқиш режимини янада такомиллаштириш, наркотик моддалар ноқонуний айланмасига ҳамда терроризмга қарши кураш йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шу куни Афғонистон мудофаа вазири Мулло Муҳаммад Ёқуб ҳамда ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний билан ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.
“Мазкур учрашувлар Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатларни дўстлик ва яқин қўшничилик руҳида ривожлантиришга хизмат қилади”, - дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter