Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бериб ўтди.

Давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида Туркманистон Президентини туғилган куни муносабати билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақият тилади.

Бугунги Туркманистон Президент Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарлигида давлат ва жамият қурилиши соҳасида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида улкан ютуқларга эришаётгани алоҳида қайд этилди.

Туркманистоннинг халқаро нуфузи изчил юксалиб бораётгани таъкидланди. Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ушбу ташкилот ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида навбатдаги резолюция қабул қилингани, 2020-2021 йилларда мамлакатда самбо ва трек велоспорти бўйича жаҳон чемпионатлари ўтказилиши бундан далолат беради.

Президентлар икки томонлама муносабатлар ва минтақавий сиёсатга доир долзарб масалаларни кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, транспорт, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиши соҳаларидаги кооперацияни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Президентлар Ҳукуматлараро қўшма комиссия ишини фаоллаштириш, шунингдек, чегарадош ҳудудлар ўртасидаги самарали ишбилармонлик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни давом эттириш лозимлигини айтиб ўтдилар.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги, бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор тараққиёти йўлида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги интилиш қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг