Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ҳокимлардан ҳафтанинг икки кунини ёшларга қаратишни талаб қилди

Президент ҳокимлардан ҳафтанинг икки кунини ёшларга қаратишни талаб қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича селектор йиғилиши ўтказди. Йиғилиш давомида давлат раҳбари вилоят ва туман ҳокимларига қўйган талабини маълум қилди.

Биз ёшлар билан янгича ишлаш тизимини яратишга қарор қилган эканмиз, уни иккита муҳим йўналишда ташкил қилишимиз лозим.

Биринчиси – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўлса, иккинчиси – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдир.

Туман ва сектор раҳбарлари ҳафтанинг икки кунини ёшлар муаммоларини ўрганишга қаратиши шарт. Биринчи кун ёшлар бандлиги, иккинчи кунда эса бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланади. Ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестиция ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари ёшлар бандлиги билан шуғулланади. Ёшлар китоб ўқиши, театрга тушиши ва спорт мусобақаларида иштирок этиши лозим. Ҳеч бир мактаб, коллеж ва тадбиркорларга тегишли ўйингоҳлар бўш қолмаслиги лозим, — деди Президент.

Давлат раҳбари селектор йиғилиши давомида ишсизлик масаласидан ташвишда эканини билдирган.

Ҳозирги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этмоқда (бу умумий ишсизлик даражасидан 1,5 бараварга кўп). Ҳисобга олинмаган ишсизлар сони эса бундан-да юқори.

Бундай муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида, Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларимизнинг таклифларини «маҳаллабай» ўрганмоқда.

Бугунги кунга қадар Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизда 50 мингга яқин ёшлар билан мулоқотлар ўтказилди.

Билдирилган таклиф ва истаклар асосида, туман ва шаҳарлар кесимида «Ёшлар дастурлари» тасдиқланди, — дея таъкидлаб ўтди Президент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг