Президент Мартин Чунгонгни "Дўстлик" ордени билан тақдирлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрел куни Парламентлараро иттифоқнинг ушбу нуфузли тузилма раиси Тулия Эксон ва бош котиби Мартин Чунгонгдан иборат делегациясини қабул қилди.
Парламентлараро иттифоқнинг юқори даражали вакиллари давлатимиз раҳбарини Тошкент шаҳрида ташкилотнинг юбилей Ассамблеяси муваффақиятли ташкил этилгани ҳамда унинг ялпи мажлисида дастурий нутқ сўзлагани билан самимий қутладилар.
Бундай кенг кўламли форумнинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани ва илгари сурилган ташаббуслар тўлиқ қўллаб-қувватлангани Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотлар, айниқса, парламентаризмни ривожлантириш борасидаги натижаларнинг халқаро эътирофи экани таъкидланди.
Иттифоқ билан ҳамкорлик юксак даражага чиқиб, самарали тус олгани мамнуният билан қайд этилди.
Кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича парламентлараро форум ҳамда Тошкент шаҳрида парламентлар аёл раҳбарларининг 14-саммити ташкил этилди.
Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинди.
Суҳбат чоғида мамлакатлар ва халқлар ўртасида тинчлик ва конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, "яшил" тараққиёт ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлигини кенгайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни парламент фаолиятига янада кўпроқ жалб этиш бўйича дастурларни амалга оширишда парламент дипломатиясининг аҳамияти қайд этилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти ҳамкорликни ривожлантириш ва парламент дипломатиясини самарали илгари суришга қўшган катта ҳиссаси учун Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонгни "Дўстлик" ордени билан тақдирлади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2017 йилда Иттифоқ ишидаги иштирокини қайта тиклади ва бугунги кунда унинг ижро этувчи тузилмаларида тўлақонли қатнашмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter