Шавкат Мирзиёев Тошкентда ФИФА раҳбарини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантинони қабул қилди.
Суҳбат аввалида ФИФА Президенти Ўзбекистоннинг футболдаги ютуқлари ҳамда мамлакатимизда спортни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали ислоҳотлар натижаларини эътироф этди.
Ўзбекистон ва Озарбайжонда йирик нуфузли спорт тадбири – 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учрашувнинг асосий мавзуси бўлди.
ФИФА билан футболни оммалаштириш, айниқса, ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқишни янада кучайтиришга қаратилган қўшма дастурларни илгари суриш борасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Шерикликни, аввало, футболни ташкил этиш ва бошқариш тизимини трансформация қилиш, ёш истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни халқаро савияда тайёрлаш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда ФИФАнинг йирик турнирлари ва тадбирларини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрида федерациянинг минтақавий ваколатхонасини очиш жараёнини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter