Фарзанди хусусий мактабда ўқиётган ота-оналарга имтиёз берилади
Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» университетига ташрифида таълим тизимидаги ислоҳотлар ва хусусий мактабларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди.
2026 йилда 1-синфга 800 минг нафар бола қабул қилинган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 10 фоиз кўп. 2030 йилга бориб, 1-синфга қабул қилинадиган болалар сони 1 млн нафарга етиши кутилмоқда.
Ҳар йили инвестиция дастурлари ҳисобидан 180–200 минг ўқувчи ўрни яратилаётгани қайд этилди. Таълим тизимида хусусий сектор улушини ошириш 2030 йилгача умумий ўрта таълимда нодавлат мактаблар улушини 10 фоизга етказиш мақсади билан ҳам белгиланган.
Ўқув юкламаси юқори бўлган 52 та туманда хусусий мактаблар очишни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмлар белгиланган.
Бу ҳудудларда мактаб ташкил этиш учун 7 йил муддатга 10 фоизли имтиёзли кредит бериш, очиш ва жиҳозлаш харажатларининг 15 фоизигача, бироқ кўпи билан 1,5 млрд сўм миқдорида субсидия ажратиш назарда тутилган.
Биносини мактабга ижарага берган шахсларга ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёз берилади. Барча туманларда бўш давлат бинолари хусусий мактаб ташкил этиш учун 10 йилга бепул ижарага берилади.
Хусусий мактабларнинг халқаро аккредитациядан ўтиш харажатларининг ярми ҳам қоплаб берилади.
Фарзанди хусусий мактабда таҳсил олаётган ота-оналар учун солиқ солинмайдиган даромад чегарасини 3 млн сўмдан 6 млн сўмга ошириш белгиланган. Бу оилаларга йилига 6–7 млн сўмгача тежаш имконини беради. Солиқ идоралари тўловларни ҳар ой якунида автоматик равишда қайтариш тизимини йўлга қўяди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter