Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Альберт Эйнштейн. Икки никоҳ ва икки ўғил

Альберт Эйнштейн. Икки никоҳ ва икки ўғил

Бир неча йил муқаддам мен Германиянинг жанубий қисмидаги мўъжаз шаҳарлардан бирида дўстим билан сайр қилиб юрар эдим. Шунда у дафъатан баққоллик дўкони жойлашган уй деразасини кўрсатиб: «Ҳов юқори томондаги уй деразасини кўряпсизми? Ўша ерда Эйнштейн туғилган», – деди.

Мен шу куннинг ўзидаёқ Эйнштейннинг амакиси билан учрашдим. У менга қандайдир одатдан ташқари қобилиятга эга бўлган одамдай таассурот қолдирмади. Бунга ҳайратланмаса ҳам бўлади, чунки Альберт Эйнштейнни ҳам ёшлигида ҳеч ким келгусида улкан даражага эриша олади, деб ўйламаган. Агар ҳозирги пайтда ўз авлоди орасида энг заковатли деб ҳисобланса ҳамки, ўша йилларда у ўлгудай суст, уятчан ва қолоқ бола бўлган. Альберт, ҳатто гапиришни ҳам ниҳоятда қийинчилик билан ўрганган. Бу бола шунчалик овсар эдики, ўқитувчилар ундан умидини узган, ҳатто ота-онаси ўғлининг ақлий қобилиятидан хавотирга тушган эди.

Эйнштейннинг ўзи ҳам кунларнинг бирида дунёдаги энг машҳур кишилардан бирига айланганидан ҳайратга тушган. Математика профессори беш қитъа газеталарининг биринчи саҳифасида тилга олинишининг ўзи бутунлай ғалати ҳолат эди. Аслида, у ўзининг эҳтимоллик назарияси каби ғайриоддий эди. Эйнштейн кўпчиликнинг миясини маҳв этган шон-шуҳрат, бойлик ва ҳашаматга алоқадор ғоя ва ўй-хаёлларга нисбатан фақат нафрат ҳиссини туяр эди. Атлантика океани бўйлаб сузадиган улкан кема капитани Эйнштейн учун энг гўзал каюталардан бирини ажратиб, уни таклиф қилганида, олим кескин рад этган, алоҳида имтиёзга рози бўлгандан кўра руль чамбарагига ўтириб, саёҳат қилишни афзал кўрган эди.

Эйнштейн эллик ёшига етганида, Германия ҳукумати уни мисли кўрилмаган иззат-икром билан сийлади: Потсдамда махсус бюст ўрнатилди. Ҳашаматли қаср ҳамда елканли яхта Эйнштейнга умумхалқ меҳр-муҳаббати ва бир умрлик таҳсин рамзи сифатида тавсия этилди. Аммо у кейинчалик, бир неча йилдан сўнг ҳаммасидан маҳрум бўлиб, ҳатто ўзининг ота юртига қайтиб кетишдан хавотирланар эди.

Эйнштейн Бельгияда ҳафталаб ёпиқ эшик ортида яшар, даҳлизида эса полициячи соқчилик қиларди.

Нью-Йоркка, Принстондаги олий тадқиқотлар институтига математика профессори лавозимини қабул қилиш учун келганида, у репортёрлар билан учрашувдан бутунлай бош тортган, кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортишни мутлақо истамаган. Бу ҳолатдан қутулиши учун дўстлари Эйнштейн тушган кема соҳилга яқин келмай туриб, уни тезгина кемадан олиб, автомобилга ўтқазишга мажбур эдилар.

Эйнштейн замондошларидан фақат йигирма киши унинг нисбийлик назариясини тушунганини қайд этган. Ваҳоланки, бу назарияни изоҳлаб бериш учун турли муаллифлар томонидан тўққиз юздан зиёд китоб ёзилган эди.

Эйнштейннинг ўзи нисбийлик назариясини жуда оддий мисоллар ёрдамида тушунтирган: «Агар сиз бир соат вақтни чиройли қиз билан ўтказсангиз, бу ўзингизга худди бир дақиқа ўтгандек туюлади. Аммо қизиб турган плита устида бор-йўғи бир дақиқа ўтирсангиз, сизга бир соатдай туюлади. Мана шу нисбийлик назариясининг ўзидир! Бу мен учун анчайин ишончли кўринади. Шу билан бирга агар сиз мазкур изоҳга гумонсираб, ишонмайдиган бўлсангиз, у ҳолда мен қиз билан вақт ўтказаман ва бу пайтда сиз қизиб турган плита устида ўтирасиз».

Айтиш жоизки, Эйнштейн икки марта уйланган эди. Унинг биринчи никоҳидан икки ўғил дунёга келган, иккаласи ҳам ажойиб болакайлар бўлиб, аммо даҳолик аломатлари кўринмасди.

Эйнштейн хоним, ҳатто нисбийлик назариясини тушунмаган ҳам. Аммо у аёллар учун муҳим бўлган бир нарсани жуда яхши англар эди: хоним эрини бинойидай тушунарди. У ўз одатига кўра, дўстларини бир пиёла чойга таклиф қилар, бу даврага эрини ҳам қўшилишга ундар эди. « Йўқ! – хитоб қиларди Эйнштейн жазавага тушиб. – Йўқ, йўқ ва яна йўқ! Мен уйдан чиқиб кетаман. Бундай бемаъниликка тоқатим йўқ!»

Фрау Эйнштейн ўзини вазмин тутди, у эрининг ҳис-туйғулари тингунга қадар кутар, шундан сўнг айрим дипломатик ҳийлаларни ишга солиб, уни барибир чойхўрликка келишга мажбур эта оларди. Шу тариқа кескинликни юмшатишга муваффақ бўларди. Фрау Эйнштейннинг айтишича, эри фикр юритишда тартибга риоя қилса-да, аммо ўзининг ҳаётида уни ёқтирмасди.

Эйнштейн ўзи хоҳлаган ишни истаган пайтда бажарган. У фақат икки қоидага амал қиларди. Биринчиси: ҳеч қандай қоидага эга бўлма. Иккинчиси: бошқаларнинг фикрига қарам бўлма.

Эйнштейн жуда камтарона ҳаёт кечирган. У эски, дазмолланмаган кийимларни кийиб кетаверган, шляпани онда-сонда бошига илган, ваннада ҳуштак чалиб, қўшиқ айтган. Бу машҳур олим дуч келган жойда махсус крем ишлатмай соқолини олаверар, оддий совун билан кифояланар эди. Коинотнинг чигал муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилган бу киши, турли мақсадлар учун фойдаланиладиган икки нав совун ҳаётни ҳаддан зиёд мураккаблаштиради, деб ҳисоблар эди.

Эйнштейн каминада жуда бахтиёр инсон сифатида таассурот қолдирган. Унинг бахт тўғрисидаги фалсафаси мен учун нисбийлик назариясига нисбатан кўпроқ аҳамиятга эга. Буни жуда улуғвор фалсафа деб ўйлайман. Эйнштейн ўзининг ҳеч кимдан ҳеч нима истамаслигини бахтдан иборат, деб ҳисоблар эди. У пуллар, унвонлар ҳамда шон-шуҳратга муҳтож бўлмаган. У ўзининг ишини скрипкада куй чалиш ва елканда сузиш каби оддий машғулот деб ҳисоблар ва шу туфайли масрур эди.

Скрипка Эйнштейнга ҳаётда ҳар қандай нарсадан кўпроқ қувонч бахш этган эди. У кўпинча, «Мен мусиқа орқали ўйлайман ва унинг ёрдамида ўз фикрларимни рўёбга чиқараман», дер эди.

Бир куни Эйнштейн Берлин бўйлаб трамвайда борар экан, кондукторга қайтимни нотўғри ҳисоблаганини айтади. Чипта назоратчиси қайтимни яна бир бор ҳисоблаб, ўзининг ҳақлигига ишонч ҳосил қилади ва Эйнштейнга берар экан: «Барча кулфатларингиз сабаби шундаки, сиз бутун умр тўғри санашни ўргана олмадингиз», – дейди.

Дейл Карнегининг «Машҳур инсонлар ҳаётидан 

номаълум саҳифалар» китобидан

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг