Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ортиқча еймиз, ортиқча уй қурамиз, ортиқча тўй қиламиз ёхуд юкни елкамизга ким ортаяпти?

Ортиқча еймиз, ортиқча уй қурамиз, ортиқча тўй қиламиз ёхуд юкни елкамизга ким ортаяпти?

Сурат очиқ манбалардан олинди

Ғурур билан аэропортга келдим. Олтинлар шу куни 5 та бўлганди. Шу юрт бир бутун эканига, жоним билан севишимга амин эдим. Бошим баланд эди. Яна 20-30 йилда ривожланган давлатлар 15 талигига кирамиз деб ўйладим. Чунки бундан 20-30 йил олдин спортга эътибор ва маблағ юқори даражада тикилган эди. Илм-фан, таълим, айниқса, қизлар таълими муносиб даражада қўллаб-қувватланаётганини ўйлаб, шу хаёллар билан Истанбул аэропортининг ташқи давлатларга учиш бўлимига келдим. R деган қисмда Ўзбек ҳаво йўли учун навбатга турибман. Кайфиятни одамиман, хаёллар мени ривожланиб кетган юртим билан овора қилаётганди.

– Опа, юкингиз кам экан, меникини олиб ўтиб беринг.

Ёшгина аёл ҳамма хаёлларимни бузиб юборди.

– Кечирасиз, ўзимники етарли.

– Қаранг, 20 кило ҳам чиқмайди. Илтимос энди.

Ўзбекистонга учаётган одамлардан кўра, атрофни уюм-уюм ўралган юку халталар босиб кетганди. Ҳеч қайси ўлка бўлимида бундай эмас. Ҳузур ҳам учди, хомхаёл ҳам. Гуруҳ-гуруҳ аёл-жувонлар, йигитлар ҳам бор.

– Сотишга олиб кетяпсизларми?

– Йўқ, тирикчилик, юк етказамиз.

Дам олиш, медаллар бир бўлди-ю, бу манзара бир бўлди. Ўзбек деган қиёфамни шу манзилда аниқроқ кўрдим.

Аёллар қувлик билан ҳали у юртдошини, ҳали бу юртдошига ялиниш билан овора. Хаёлимга келган биринчи гап: Лўлиистон!!! Лўлилар каби руҳшунос бўлиб кетишган! Мени соддалигим юз-кўзимдан аён. Бири қўйиб, бошқаси ҳузуримни бузаверди. Тинч қўймасликлари тайин эди.

– Беринг. Нима ўзи юкингиз?

– Болалар кийимлари.

Ҳатто хорижликни ҳам қўлига 10 килолик қутини топширишди.   Уддабурон!!!  

Ҳеч қайси бўлимда нозир бўлмаса-да, аммо Ўзбекистонликлар учун алоҳида миршаблар бор.

Нима бўлган? Нега? Нима кам? Нима керак? Иш йўқми? Ўқиш йўқми? Нега хорижда ўзбек аёли бу қадар паст «имидж»ни танлаяпти. Бош кўтариб юриб бўлмади, рости. Истанбулда «ўзбек аёли» деган ном машҳур.

Навбатга туриш ҳам «ўшандай». Шовқииин! Самолёт учиб кетиб қолишидан қўрқар эдик! Яна бир қувроқ юкчи опа навбатсиз олдимга тиқилди.

Начора….

Самолёт ичидаги манзара менинг «ривожланиш» хаёлларимга сира-сира тўғри келмасди. Ҳамманинг бир-бири билан иши бор. Эҳҳҳ…

Синглимнинг ёзғиришлари эсимга тушди.

– Жонингни сиқма, ўзингни асра!

Стюардессанинг ҳам стюардессалиги қолмади. Ҳатто бир-бири билан бу жамоада «энергияни сақлаш» ҳақида нималарнидар гаплашишаётганини эшитиб қолдим.

Ва хулоса қилдим. Бизни ким бу ҳолга солди? Марказий Осиёда биринчи бўлишимиз керак эмасмиди? Маданиятлар бешиги илма-тешик бўлиб кетибди, арава каби, ғийқиллаб, юкчи миллат бўлиб кетибмизми? Буни елкамизга ортаётган ким? Ортиқча эмасми?

– Ортиқча!!! Ортиқча!!! Ортиқча!!!

– Ортиқча еймиз! ҲА!

– Ортиқча уй қурамиз!

– Ортиқча тўй қиламиз!

– Ортиқча манзират!

Қорнимиз кичик калорияли овқатларга тўяди, кичик уйда, минимал ва комфорт ҳаёт кечирсак ҳам бўлади, 50-100 кишилик тўй қилсак, ўлмаймиз. Шундай бўлганида, усти бут, уйи бор, оиласи тинч ўзбеклар ортиқча юк олиб ўтмас эди!!!

Очлик

Нега сенинг туйғуларинг оч

Руҳинг оч, қалбинг оч, нигоҳларинг ҳам,

Ахир қорнинг тўқку, либосинг ял-ял.

(Боргунимча, шунақа сатрлар кундалигимга битган эканман)

Майлией, яна кайфиятимни кўтарай.

Франциядан қайтаётган самолётдаги манзаралар эса албатта ўзгача бўлади!!! Чунки, унда Тўмарислар, Темурийлар, Бобурийлар бор!

Маҳзуна Камолованинг facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг