Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сардор Али

Шахсиятпарастлик — ошкора ожизликдир.

Путинга суиқасдми ёхуд дрон ҳужумини ким, нима учун уюштирган?

Путинга суиқасдми ёхуд дрон ҳужумини ким, нима учун уюштирган?

Кеча, 3 май куни Россия медиасида тунда икки дрон (учувчисиз учар жисм) Кремль биносига келиб урилгани акс этган видео тарқалди. Расмий Москва бу ҳужумни президент Путинга суиқасд ва теракт дея баҳолади.

Шундан сўнг, ахборот маконида турли маълумотлар урчий бошлади. Хусусан, ўзбек сегментида ҳам Кремлга қилинган ҳужум ҳақида хабарлар болалаб кетди. Кремлга ҳужум тўғрисидаги маълумотни ўқиган кишининг хаёлига, биринчи бўлиб «Путинга нима қилган экан», деган фикр келган бўлса, ажаб эмас!

Бу саволга жавоб ўзини узоқ куттирмади. Путиннинг матбуот котиби Димитрий Песков Путин дрон ҳужуми вақтида Кремлда бўлмаганини, у Москва яқинидаги Ново-Огарёводаги қароргоҳида ишлаётганини маълум қилди.

Бугун кўпчиликни ҳужум ёки спектаклни ким, нима мақсадда амалга оширгани қизиқтирмоқда. Қуйида шу ҳақида бироз мулоҳаза юритамиз.

Ҳужум тафсилотларига ўтишдан олдин, келинг, яхшиси Москва шаҳрининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳақида гапирсак. Маълумотларга кўра, Москва ва Москва вилоятларида «Бук» ва «Тор» зенит ракета тизимлари шундай жойлаштирилганки, шаҳар осмонига бирор нотаниш учар жисм учиб кирса, шу заҳоти бу ракета тизимлари ишга тушади.

Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар маркази директори Алексей Подберезкин «Украина.ру»га берган интервьюсида «Москва атрофидаги ҳаво мудофааси барча самолётлардан, шу жумладан, дронлардан жуда юқори эҳтимоллик билан ҳимоя қилишга қодир», деган эди.

«Бук-М2» 150-200 километр узоқликдаги душман учоқини аниқлаб, йўқ қила олади. «Тор-М2ДТ» зенит ракета комплекси эса 15 дан 40 километргача баландликдаги ракета ва учар жисмларни йўқ қилиш салоҳиятига эга.

«Бук-М2» ва «Тор-М2ДТ» зенит ракета комплекслари

Бундан ташқари, «С-300В4» комплексининг ҳам борлигини инобатга  олсак, ўқувчида «Москва осмони ишончли қўлларда эканда», деган тушунча ҳосил бўлади. Аммо Украина урушида мақтанилган «Бук-М2» ва «Тор-М2ДТ» ракета комплекслари анча эскириб қолгани кўзга ташланди.

Балки оғиз кўпиртириб, мақталган ҳаво мудофаа тизимлари анча эскирганини англаган Кремль сиёсатчилари, Украина дронларининг эҳтимолий ҳужумидан ҳадиксираганча, Москва шаҳардаги баланд биноларнинг томига «Панцирь-С1» комплексларини ўрнатиш ҳақида топшириқ бергандир?! (https://www.bbc.com/russian/features-64341582)

Маълумотларга кўра, эҳтиёт чораси сифатида «Панцирь-С1» ва С-400 комплекслари Путиннинг Москвадаги қароргоҳидан 10 километр узоқликдаги радиусда жойлаштириб чиқилган.

Мана шундай темир гумбазни икки дона дронча (Россия талқини бўйича) ёриб ўтиб, Кремль биносига зарба бергани бошни ушлаб бироз мулоҳаза қилишга мажбур қилади.

Москва бу ҳаракатларда бевосита Украинани айбламоқда. Украина томони эса «Путинни судга топширишимиз учун, у бизга тириклайин керак», демоқда.

Ушбу воқеа 9 май ғалаба куни муносабати билан қизил майдонда ташкил этилажак парад олдидан содир этилгани ҳам масалани анча чигаллаштириб юбормоқда.

Айрим таҳлилчилар, бу ҳолатни Россиянинг ўзи саҳналаштириб, провокация орқали рус жамиятида украинларга қарши нафратни кучайтиш орқали сафарбарликни кенг масштабда бошламоқчи эканлигини айтмоқда. Бошқалар бўлса, Украина Кремль сиёсатчиларини кутилмаган «совға»лар билан сийлаб, уларни қўрқитиб қўймоқчи эканлигини таъкидламоқда. Хуллас, бундай тахминлар кўп, аммо тарихда кўп сирли воқеалар кейинчалик, вақт ўтиши билан асл ҳақииқат юзага чиққанини ҳисобга олсак, куни келиб  Кремлдаги бу «жумбоқ»ни ҳам сири очилади...

Москванинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими

Сардор Али 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг