Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент зилзиласи куни 66 ёшини қаршилаган Рихтер ҳақида

Тошкент зилзиласи куни 66 ёшини қаршилаган Рихтер ҳақида

Фото: «Geographical Magazine»

1966 йил 26 апрель. 300 минг кишини бошпанасидан жудо қилган Тошкент зилзиласини ҳеч бир бир тошкентлик, ўзбекистонлик унута олмаса керак. Ўшанда пойтахтда 1,5 миллион киши яшаган.

Расмий маълумотларда 200га яқин киши жароҳат олгани, 8 киши вафот этгани айтилади. Зилзила тўхтовсиз давом этгани туфайли кўплаб инсонлар юрак хуружидан ҳам вафот этгани ҳақида ҳам маълумотлар йўқ эмас.

Тонгги соат 05:23 да рўй берган Тошкент зилзиласи эпицентрида ер сиртидаги сейсмик фаоллик 8 баллдан ошган (12 балли шкала бўйича). Ўша куни кўплар «Рихтер шкаласи» ҳақида биринчи марта эшитишган.

Чарлз Френсис Рихтер

Чарлз Френсис Рихтер 1900 йилнинг 26 апрелида туғилган. Унинг бахти мол боқиб, сабзавот етиштиришдан бошқа нарсани билмайдиган огайолик фермер ота-онаси 1909 йилда Америка тараққиёти бешикларидан саналмиш Калифорнияга кўчиб ўтганида. Бу ердаги мактабда Чарлз физика учун туғилганини англаб етди. Механика ёки статика эмас, айнан атом физикаси: молекулалар, атомлар, ядроларнинг кўринмас дунёси ҳамма нарсадан қизиқ эди.

Мактабни битириб, Стэнфорд университетида ўқиди, анча ёш бўлишига қарамасдан докторлик ишини ёқлади. Бироқ атом физикаси орзулигича қолиб кетди. Уни «йўлдан урган» Нобел мукофоти совриндори Роберт Милликен Чарлзда бошқалар илғай олмаган талабчанлик, қатъият, бошлаган ишини охиригача етказиш, энг муҳими, барча нарсани мустақил билишга интилувчанлик хислатларини кўра билганди.

— Сейсмик лабораториямда ишга ўтмайсизми,— дея бир куни унга таклифини айтди.

— Қайдам, билишимча, у ерда физикага иш йўқ. Геология, география нима бўлади? — деди иккиланиб Чарлз.

— Нима, сизнингча бу физикачалик қизиқмасми? Аввал бошлаб кўрингчи, кейин кўрамиз, — далда берди Милликен.

«Бир бошлаган» Рихтерни тўхтатиб бўлмасди. Масалан, унинг назарида фандаги ҳар қандай мавзуни фақат оригиналда ўрганиш мумкин, таржимонга ишониб бўлмайди. Шунинг орқасидан инглиз тилидан ташқари еттита тилни ўрганди. Ўқимаган илмий адабиёт қолмади ҳисоб, қиссадан ҳисса шу бўлдики, сейсмология нега очилмаган қўриқлигича қолиб кетаётганини англагандай бўлди.

1902 йилда италиялик руҳоний ва геолог Жузеппе Меркалли таклиф этган зилзила кучини аниқлаш усули унга умуман ёқмасди.

Меркалли усулида ернинг силкиниш кучи одамларнинг қанчалик ваҳимага тушишига қараб ўлчанган... Қулаётган уйлардан кўпроқ одам қочиб қутулса — паст балл, вайроналар остида қурбонлар сони кўп бўлса — юқори балл. Албатта, Рихтердек илм одамини бунақа ёндашув қаноатлантирмасди.

У ишлаётган сейсмик лабораториянинг директори германиялик Бено Гутенберг эди. Иккаласи зилзилалар ҳақидаги ҳар бир хабарни диққат билан ўрганишар, бу табиий офатларнинг сабаби, қонуниятлари, уларнинг зарарини юмшатиш йўлларини топишга интилишарди.

Суратда: (чапдан ўнгга) Пресс, Гутенберг, Бениофф ва Рихтер

Биргаликда 1935 йили ер тебранишларини қайд этувчи сейсмограф асбоби кўрсаткичларига асосланган тизимни яратишди. Тизим логарифмик тамойилга қурилганди.

Чарлз Рихтер ўз сейсмографи билан, 1976 йил

Бу тизимга кўра, 3 балли тебраниш 4 балли тебранишдан 10 баравар, 5 балли тебранишдан 100 баравар кучсизроқ, дея баҳоланарди. Яъни баҳолашда имкон қадар объективликка эришиларди.

Рихтер шкаласи

  • 2,0 балл — энг кучсиз сезилувчи силкинишлар
  • 4,5 балл — кучсиз силкинишлар, кўп зарар етказмайди
  • 6,0 балл — ўртача силкинишлар, зарари ҳам ўртача
  • 8,5 балл — қайд этилган энг кучли зилзилалар.
    9,0 баллдан юқори кучга эга ер силкинишлари мавжуд эмас, деб ҳисобланилади.

«Рихтер шкаласи» буюк тадқиқотчи амалга оширган ишлар орасида хамир учидан патир, холос.

52 ёшида Калифорния технология институти профессорига айланди. 1958 йили оддий ва тушунарли тилда ёзилган биринчи ўқув қўлланмаси — «Элементар сейсмология»ни нашрдан чиқарди. Университетлар талабалари ҳамон шу қўлланма бўйича ўқитилади. Қизиғи, сейсмология соҳасига улкан ҳисса қўшган Рихтер ҳеч қачон илмий журналларда чоп этилмаган.

Чарлз Рихтер бутун умр қурилиш нормаларини кучайтириш учун курашди. Масалан, унинг таклифи билан бинолар лойиҳаларидан ташқи фасадларга ўрнатиладиган, ҳеч фойдаси тегмайдиган кўп тоннали қопламалар олиб ташланиши бошланган. Албатта, доим ҳам унга қулоқ тутишмаган, бироқ жуда кўплаб инсонларнинг зилзилаларда омон қолишида бир пайтлар Рихтер ишлаб чиққан ғоялар, таклифларнинг хизмати беқиёс.

Рихтернинг зилзила юз бериши эҳтимоли кўзда тутилган ҳудудларни олдиндан белгилаш усули ҳамон сейсмологлар томонидан қўлланилади. Албатта, кейинчалик зилзилани янада аниқроқ ўлчаш бўйича таклифлар, ғоялар амалиётга олиб кирилди, жуда кўплаб олимларнинг хизматлари бор. Бироқ худди Рентген, Ампер, Волт, Целсий сингари олимлар қаторида Рихтер номи ҳам фанда атамага айланиб улгурди.

Узоқ умр кечирган Чарлз Френсис Рихтер 1985 йилнинг 30 сентябрида вафот этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг