Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нурмуҳаммад Сойибназаров: АҚШ ва Ўзбекистон ҳуқуқи ўртасида рақамли кўприк

Нурмуҳаммад Сойибназаров: АҚШ ва Ўзбекистон ҳуқуқи ўртасида рақамли кўприк

Ўзбекистонлик тадбиркор АҚШда компания очмоқчи бўлса, қайси ҳуқуқий шаклни танлаши керак? Хорижий инвестор Ўзбекистон бозорига киришда қандай талабларга дуч келади? Турли ҳуқуқ тизимлари ўртасидаги фарқлар баъзан оддий шартномани ҳам мураккаб жараёнга айлантириши мумкин.

Тижорат ва корпоратив ҳуқуқ йўналишида фаолият юритаётган Нурмуҳаммад Сойибназаров ана шу ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришни мақсад қилган. У АҚШ ва Ўзбекистон қонунчилигини қиёсий тарзда тушунтирувчи рақамли платформа устида ишламоқда.

«Ҳуқуқшунослик мен учун тасодифий танлов эмас»

Нурмуҳаммад Сойибназаров 2020 йилда Тошкент давлат юридик университетининг Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқ факультетига максимал балл билан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган.

Унинг айтишича, ҳуқуқшуносликка қизиқиши бизнес ва жамият ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қоидалар, шартномалар ҳамда корпоратив тузилмаларни ўрганишдан бошланган.

— Ҳуқуқшунослик мен учун тасодифий танлов эмас. Ҳуқуқни фақат назарий тушунча эмас, балки бизнес муносабатларини тартибга соладиган, низоларнинг олдини оладиган ва иқтисодий ривожланишга хизмат қиладиган амалий восита деб биламан, — дейди у.

У талабалик даврида Польшанинг Адам Мицкевич университетида Erasmus халқаро алмашинув дастурида иштирок этган. Турли давлатлардан келган талабалар билан бирга таҳсил олиш унга бир масалага турли ҳуқуқ тизимлари нуқтаи назаридан ёндашиш имконини берган.

Кейинчалик у Пенсильвания давлат университети Ҳуқуқ мактабининг LLM дастурига 90 фоизлик стипендия асосида қабул қилинган.

Икки хил ҳуқуқий тизим

Мутахассиснинг таъкидлашича, АҚШ ва Ўзбекистон қонунчилиги ўртасидаги асосий фарқ ҳуқуқий анъаналарда намоён бўлади.

АҚШда Common Law тизими амал қилади. Бунда қонунлар билан бир қаторда суд қарорлари ва прецедентлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон эса кодекслар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган континентал ҳуқуқ тизимига киради.

Корпоратив тузилмаларда ҳам фарқлар мавжуд. АҚШда LLC, Corporation, LLP ва S-Corp каби шакллар қўлланади. Уларнинг солиққа тортилиши, бошқаруви ва таъсисчилар жавобгарлиги бир-биридан фарқ қилади. Ўзбекистонда эса МЧЖ ва акциядорлик жамияти каби шакллар кўпроқ учрайди.

— Масалан, Ўзбекистон компанияси АҚШдаги ҳамкор билан шартнома тузаётганда, ҳар икки томон ўз ҳуқуқ тизими ва ишбилармонлик амалиётидан келиб чиқиб ёндашади. Бу эса тушунмовчиликлар ва ҳуқуқий хавфларни келтириб чиқариши мумкин. Менинг йўналишим ана шу фарқларни тушунтириш ва томонларга мақбул ечим топишга ёрдам беришдан иборат, — дейди суҳбатдошимиз.

Қонунларни оддий тилда тушунтирадиган платформа

Нурмуҳаммад Сойибназаров ҳозирда АҚШ ва Ўзбекистоннинг тижорат ҳамда корпоратив қонунчилигига оид маълумотларни бир жойда жамлайдиган рақамли платформа яратмоқда.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа ғояси тадбиркорлар, талабалар ва ҳуқуқшунослар дуч келаётган амалий муаммоларни кузатиш жараёнида пайдо бўлган.

Расмий қонунчилик манбалари кўпинча мураккаб юридик тилда ёзилади. Малакали ҳуқуқшунос маслаҳатини олиш эса ҳамма учун ҳам осон ва арзон эмас.

Янги платформада икки давлат қонунчилигини бир хил ҳуқуқий мавзулар бўйича қиёслаш, амалий ҳужжат намуналарини кўриш ва маълумотларни уч тилда ўқиш имконияти бўлиши режалаштирилган.

Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқий саволларга тегишли қонун моддалари ва расмий манбалар асосида жавоб олиш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.

— Бу профессионал юридик маслаҳат ўрнини босмайди. Аммо фойдаланувчига масалани тушуниш, тўғри йўналишни белгилаш ва тегишли манбани топишда ёрдам беради, — дейди у.

«Ҳуқуқ фақат суд ва адвокатлар учун эмас»

Келгусида Нурмуҳаммад Сойибназаров АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий муносабатлар, инвестиция шартномалари ва корпоратив тузилмалар йўналишида ишлашни режалаштирган.
Унинг узоқ муддатли мақсадларидан бири ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва қонунчиликни тадбиркорлар ҳамда кенг жамоатчилик учун тушунарли қилишдан иборат.

— Ҳуқуқ фақат судлар ва адвокатлар учун эмас. У ҳар бир шартнома имзолаётган, компания очаётган ёки инвестиция киритиш ҳақида қарор қабул қилаётган инсон учун муҳим, — дейди Нурмуҳаммад Сойибназаров.

Адҳамжон Қодиров суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг