Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўқитувчилар мактабларни ташлаб кетяпти — ЮНЕСКО

Ўқитувчилар мактабларни ташлаб кетяпти — ЮНЕСКО

Иллюстратив фото

Ўқитувчилар етишмаслиги кўп мамлакатларда таълим сифатига салбий таъсир кўрсатувчи жиддий муаммога айланмоқда. ЮНЕСКО ҳамда «Ўқитувчилар ва таълим 2030» халқаро мақсадли гуруҳи ўтказган тадқиқотда шундай хулосага келинди.

«Ўқитувчилар тўғрисидаги халқаро маъруза»да таъкидланишича, агар таълим тизимида жиддий ўзгаришлар қилинмас экан, 2030 йилга бориб ҳозир ишлаётган ўқитувчилар сони тенг ярмига қисқариб кетиши мумкин. Шу ва бошқа сабаблар дунёдаги бошланғич ва ўрта мактабларда 44 миллион нафар ўқитувчи етишмаслигига олиб келади.

Айниқса, Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубий қисмида педагоглар тақчиллиги яққол кўзга ташланади: 2030 йилда бу минтақага 15 млн нафар ўқитувчи етишмайди. Ҳатто тараққий этган Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида ҳам педагоглар етишмаслиги кун тартибига чиқади. Бу мамлакатларда малакали мутахассисларни мактабларда ушлаб қолиш тобора қийинлашиб боряпти.

Сўнгги йилларда бошланғич синфлар ўқитувчилари ўртасида касбини ўзгартириш кўп кузатилмоқда, дейилади тадқиқотда. 2022 йилда бошланғич синфлар ўқитувчиларининг 9,06 фоизи ишдан бўшаган, ҳолбуки, 2015 йилда бу тоифада ишдан бўшовчилар кўрсаткичи 4,62 фоиз эди. Фаолиятининг илк беш йиллигида ўқитувчиликни ташлаб кетаётганлар энг кўплиги, айниқса, хавотирли ҳолат.

ЮНЕСКО ўқитувчилар етишмаслиги бутун дунёда таълим тизимига жиддий зарба бўлишидан хавотирда. Муаммо глобал кўламга чиқмоқда: оқибатда синфлардаги ўқувчилар сони кўпаяди, ўқитувчиларга юкламалар оғирлашади, таълимда тенгсизлик кучаяди, таълим тизимини молиялаштириш муаммоси катталашди.

Ташкилот оғир оқибатларнинг олдини олиш учун ҳозирдан тегишли чоралар кўришни таклиф қилмоқда. Хусусан, ўқитувчиларнинг маошларини ошириш, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, таълимга сармояларни кўпайтириш керак. Қолаверса, педагоглар жамиятининг қарорлар қабул қилишга дахлдорлигини ошириш ҳам ўқитувчиларда мотивацияни ошириши мумкин, дейилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг