Ўқитувчиларни меҳнатга мажбурлов учун жавобгарлик белгиланмоқда – ҳуқуқшунос
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига педагогларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик ҳолатлари учун жавобгарлик киритилмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Беҳзодбек Ғаниев маълум қилди.
Аввалроқ Саида Мирзиёева ўқитувчиларга вазифасидан ташқари ишларни юклайдиганларни жавобгарликка тортиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва тез орада қабул қилиниши ҳақида гапирган эди.
«Айтишларича, ушбу қонун лойиҳасига кўра МЖтКнинг 51-моддаси 2-қисмида ва ЖКнинг 148-2(прим 2)-моддаси 2-қисмида меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлашни таълим муассасасининг педагог ходимига нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда экан. Бунда БҲМнинг 15 баробаридан 20 баробаригача жарима (4,5 млн сўмдан 6 млн сўмгача) ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазолари назарда тутилмоқда», – деб ёзади ҳуқуқшунос Б.Ғаниев.
Аниқлик киритилишича, мазкур қилмиш маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса, жиноятга айланиши ва БҲМнинг 150 баробаридан 200 баробаригача жарима (45 млн сўмдан 60 млн сўмгача) ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланиши мумкин.
«Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда педагог ходимлар Давлат тест маркази ташкил этадиган тест синовларида назоратчи сифатида қатнашиш; маҳаллий давлат ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар тадбирларини ташкил этиш; муайян комиссия ва ишчи гуруҳларга жалб этган ҳолда ўрганишларда иштирок этиш; туман-шаҳарларда ўтказиладиган байрам тадбирлари, турли кўргазмаларини ташкил этиш; газеталар учун обуна бўлиш мажбуриятини бажариш; битирувчиларнинг ишга жойлашганлиги билан боғлиқ ёки бошқача ҳисобот ва жадвалларни тақдим этиш каби ўз хизмат вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этилмоқдалар», – дейди эксперт.
Таъкидланишича, таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига аралашганлик учун маъмурий жавобгарликни БҲМнинг 20 баробаригача жарима (6 млн сўм) ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш жазоларини белгилаш орқали кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter