Ота-оналар мажлиси: қизиқмасми ёки муҳиммасми?
«Мактабдаги мажлисга 34 нафар ўқувчининг олти нафар ота-онаси қатнашди». Йўл-йўлакай эшитганим икки онанинг гапларига қўшилмай илож йўқ. Ота-оналарнинг энг шошилмайдиган ва ҳафсаласизлик билан борадиган жойи мана шу ота-оналар мажлиси. Худдики ҳар куни мажлис бўлаётгандек, ота-оналар бу йиғилишга жуда оғриниб борганини, аниқроғи, вақт тополмаганини жуда кўп кузатганмиз.
Бир пайтлар фарзандларим ўқувчилигида синф раҳбари: «Ота-оналарингиз сизларнинг келажагингиз ҳақида иншо ёзишсин», дея топшириқ берганди. Биз ўшанда фарзандаримиз келажаги ҳақида тўлқинланиб иншо ёзиб бердик. Икки кундан кейин мактабда мажлис бўлди. Ўшанда ўқитувчи — атиги ярим синфнинг ота-оналари келган йиғилишда бзга мурожаат қилиб: «Ҳаммаларингиз фарзандларингиз олий маълумот олишини, келажакда яхши карьера қилишини, тарбияли инсон бўлишини истаб иншо ёзибсизлар. Лекин, қандай қилиб бу даражага етишиши ҳақида бирортангиз фикр билдирмагансизлар», деди.
Дарҳақиқат, барчамиз фарзандимизни жуда катта орзулар билан вояга етказамиз. Аммо, мактабда йилда 5-6 марта бўладиган ота-оналар мажлисига боришга оғринамиз. Борсак ҳам мажлиснинг тезроқ тугашини истаймиз — кимдир овқат қилишга шошади, кимдир меҳмон кутаётганини, яна кимдир меҳмонга бориш кераклигини рўкач қилади. Гўёки меҳмондорчилик, гап-гаштак боланинг келажаги, ўқишидан ҳам муҳимдек. Ахир, боланинг етарлича билим олишига фақат ўқитувчи жавобгар эмас-ку.
Хўш, бола илк мактабга борган куниданоқ унга ким ҳақиқий илмни беради? Эндигина боласи мактабга чиққан бир аёл: «ўғлимни қўшимча ўқитишим учун репититор топишим керак», деб қолди. Мен: «ўзингиз ўргатинг, ахир бошланғич синф дастури унчалик мураккабмас, қолаверса, бу ёшда болангизни сиздан ортиқ тушунадиган одам бўлмайди», дедим. Аёл эса: «Мен педагог эмасман, бу ўқитувчининг иши», дея жавоб берди. Лекин, пойтахтимиздаги мактабларнинг бирида дарс берадиган тажрибали ўқитувчи Зарифа Исматхўжаеванинг фикри бутунлай ўзгача: «Ота-оналар дастлаб фарзандини мактабга руҳан тайёрлаши керак. Неча йиллик иш тажрибамдан биламанки, кўпчилик ота-оналар фарзанди мактабга чиққач бор оғирликни ўқитувчига юклаб қўядилар. Ваҳоланки, бола бошқа шароитга кўникма ҳосил қилгунча вақт керак ва кўпроқ онасига суянади. Онасини яхшироқ тушунади. Болага доим онанинг далдаси керак бўлади...»
Баъзи оналар билан гаплашиб қолсангиз ва улардан болаларга тарбия беришда асқотадиган машҳур педагогларнинг китобларини билиш-билмаслигини сўрасангиз, ҳатто уларни биринчи бор эшитишаётганини таъкилашади. Ижтимоий тармоқлардан бўшамайдиган, сериалларни қолдирмай кўрадиган катталарнинг педагоглар китоблари билан мутлақо таниш эмаслигидан ачинасан киши.
— Тарбия бериш ўз йўлига. Болага оддийгина ёзишни ўргатишга ҳам катталарда қунт-ҳафсала йўқлигига нима дейсиз?! Баъзида ота-оналар фарзандининг ҳуснихати чиройли эмаслигидан нолийди. Аслида болага чиройли ёзишни ўргатишнинг ўзи ҳам меҳнат. — Бола чиройли ёзиши учун, аввало, унда сабр-тоқатни шакллантириш керак, — дейди асли касби кутубхоначи, айни пайтда таътилдаги оналардан бири Феруза Расулова. — Мен фарзандларим илк мактабга чиққан куниданоқ ёзишни жуда кўп машқ қилдираман, сўзларни токи ўша ҳарфни тўғри ёзмагунича ёздираман. Агар дафтарида битта ҳарф бўялган ёки тушунарсиз бўлса, ўша варақни йиртиб ҳаммасини бошидан кўчиртираман. Шу боис бош фарзандим — ўғлимнинг ёзуви ҳам жуда чиройли. Болани чиройли ёзишга ўргатиш учун фақат мактабда бериладиган топшириқ билан кифояланмаслик керак. Боланинг ёзуви чиройли ва хатосиз бўлишида албатта китобнинг ҳам аҳамияти катта...
Аммо, бола китоб ўқишга қизиқмаса-чи? Ота-онанинг ўзи ойда бир бор қўлига китоб ушламаса-чи?
— Ота-оналар мажлисига бориш мен учун жуда зерикарли, — дейди яна бир ёш оналардан бири Чарос Муҳаммадиева. — Болаларнинг ўқиши, ўзлаштирилиши бир четда қолиб асосан тўполончи болалар муҳокама қилинади. Кейин пул йиғди-йиғди, мактаб таъмири, байрамларга кўп урғу берилади. Мен хоҳлардимки, ўқитувчилар ота-оналардан уйида мўъжаз кутубхонаси борми-йўқми, фарзандини қайси тўгаракларга бериши мумкинлигини муҳокама қилишса. Масалан, мен ўқитувчилар болаларга «Уйимдаги кутубхонам», деган мавзуда иншо ёзиб келишини сўрашини истардим. Ва биламанки, менинг фарзандимнинг бу борада фахрланадиган жиҳатлари бўларди. Балки бизнинг уйимиздаги мўъжазгина кутубхонамиз ҳақида эшитган ўқувчилар ўзларида ҳам шундай кутубхона бўлишини ота-онасидан сўрашар. Билмадим, мен учун ота-оналар мажлиси жуда эски қолипда ўтадигандек, бирор янгилик йўқ... Ҳар гал мажлисда ўқитувчи гапиради, ота-оналар эшитади. Мажлис дегани баҳс-мунозараларга бой бўлса. Ана шунда ўқиш ва ўқитиш жараёнида баъзи муаммолар ечими топилармиди? Бунинг учун эса мактаб ҳам шундай йиғилишларга алоҳида тайёргарлик кўриши, изланиш қилиш керак.
Ҳа, масаланинг бу жиҳати ҳам бор. Яъни, ота-оналар мажлисига на ўқитувчилар, на таклиф қилинганлар томонидан креатив ёндашув йўқ. Балки шунинг учун ҳам мажлисга ота-оналарни қизиқтириш қийиндир.
Мактабдаги мажлисларни ўзгача услубда ўтказишнинг ўзи бир масала. Шунда ўйлаб қоласан. Балки мактабларда мажлисларни ўтказишнинг янги методлари ишлаб чиқилиши керакдир. Қолаверса, бу масалада мактабларга ёрдам беришда ота-оналарнинг ҳам ҳиссаси бўлиши лозим. Бунинг учун ёш йигит-қизларни турмуш қуришдан олдин ота-оналикка ҳам тайёрлаш даркор. Нима учун қиз бола турмушга чиқаётганда «қайнонангга ундай қилиб хизмат қил, турмуш ўртоғингнинг ҳурматини мана бундай қилиб жойига қўй», деб ўргатиладию «эртага сен она, ота бўласан, фарзандингни тарбиялашинг керак», деган фикрлар ўртага ташланмайди. Балки йигит-қизларни тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурий бўлганидек, уларни турмуш қуришдан олдин ота-оналикка тайёрлайдиган курсларда ўқитиш ҳам мажбурий бўлиш шартдир. Бу курсларга психологлар, педагоглар тажрибали отахонлару онахонлар жалб этилиши лозим.
Ана ўшанда этагига ёпишиб хархаша қилаётган болани онаси шапалоқлаб урмас. Ана ўшанда оталар ҳам фарзандининг келажаги муҳокама қилинадиган йиғилишларга ўз ташаббуси билан отланар. Ана ўшанда ёш ота-оналар вақтини соатлаб кўчада ҳангома қилиш билан ёки тўйма-тўй, чойхонама-чойхона юриш билан ўтказмас. Балки ана шунда баъзи ота-оналар эндигина туғилган қизалоғига сандиққа сарпо йиғишни эмас, унга қизиқ-қизиқ китоб олиб беришни биринчи ўринга қўйишар. Шундагина балки мактабдаги мажлисларда ота-оналар ўтиришга ҳам жой тополмай қолишар... Буниси эса ҳозирча ширин орзу...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter