Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Талаба, ўқиш, иш. У ҳаммасини уддалайди...(ми?)

Талаба, ўқиш, иш. У ҳаммасини уддалайди...(ми?)

Дарслардан сўнг ишлаётган талабалар сони кун сайин ортиб бормоқда. Уларнинг ўқиш билан бирга меҳнат қилишга ундайдиган сабаблар турлича бўлиб, кимдир моддий етишмовчилик туфайли, яна кимдир малака ошириш мақсадида ишлайди.

Баъзи талабалар биринчи босқичдан, айримлари эса ўқишнинг охирги босқичида ишлаш ҳақида ўйлайди. Агар талаба ўз мутахассислиги бўйича ишлаётган бўлса, нур устига аъло нур, ўқишни тугатгач, ишга жойлашишди қийинчиликка дуч келмайди. Лекин иш берувчилар тажрибага эга бўлмаган ёшларни ишга олишни ҳар доим ҳам хоҳлайверишмайди. Шунинг учун талабалар кўпинча хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади.

Бунинг яхши томони — талаба ўзини мустақил моддий таъминлаши ёки ота-онасига ёрдам бериши мумкин. Салбий томони эса — ўқиш учун камроқ вақт қолади, билим ўзлаштиришга таъсир кўрсатади, шунингдек, ўзини зўриқтириш, вақтида ухламаслик натижасида ёш вужуд ҳолсизланади. Бу борада бир тўхтамга келиш осонмас.

Яқинда талабалар интиқиб кутган янгилик эълон қилинди. ОТМларда иккинчи босқичдан бошлаб талабаларга ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилиши маълум қилинди. Янги тизим қандай бўлиши ҳозирча ноъмалум. Ҳам ўқишни ва ишни бирга олиб борса бўладими, шу саволга жавоб олиш мақсадида ишлаётган талабалар билан суҳбатлашдик.

Тоҳир Равшанов:

– Ҳозирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети корпоратив бошқарув факультети (Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлари) йўналиши 4-босқич талабасиман. Талаба бўлганим учун ҳам иш топишга қийналганман. Иш сўраб борганимда, «талабаларга ҳозирда иш йўқ» ёки «ярим ставкада иш жойимиз йўқ» деган жавобларни олганман. Ўқишдан ташқари шанба ва якшанба кунлари кунлик ишчилар бозорида ишлаб тураман. Ишлашимга молиявий томондан қийналишим сабаб бўлган. Ижара уйда яшайман, ҳар ой ижара пулини ўз вақтида тўлашим керак, кунлик харажатларимга ҳам пул керак бўлади.

Гўзал Тошматова:

– Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг учинчи босқич талабасиман. Ота-онам зиёли, яшаш шароитимиз яхши. Таҳсил олаётган ўз йўналишимда ишлашга имкон бўлмагани учун, бошқа соҳада ишлаяпман. Эътибор берсангиз, кўпинча иш бўйича эьлонларда «талабалар безовта қилмасин» деб, ёзишади. Стипендиясиз шартнома асосида ўқиётганим учун, ўз харажатларимни қоплаш, ота-онамга ёрдамлашиш мақсадида аёллар либоси дўконида сотувчи-маслаҳатчи бўлиб ишлайман. Ишим ўзимга ёқади, одамлар билан ишлаш жудаям мароқли. Баъзида иш ва ўқиш вақти  бир пайтга тўғри келиб қолади, шуниси қийинчилик туғдиради.

Алижон Ҳотамов:

– Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетнинг 4-босқич талабасиман. Стипендиясиз контракт асосида ўқийман. Бўлғуси дастурчиман. Айни пайтда бир нашриётда дизайнерман. Ҳали ўқишга кирмасимдан олдин ишлашни бошлаганман. Ишимнинг вақти ўқишимга халақит қилмайди. Биласиз, газеталар одатда кечаси саҳифаланади. Ўқишга киргунимча кундузиям ишлардим. Ўқиш бошлангач, таҳририят ўқишимга халақит бермайдиган шароит яратиб берган. Ойлигим унчалик кўп эмас. Аммо стипендия олмаганим учун  кунлик харажатларимни қоплаш мақсадида ишлаяпман. Тўғри, ишдан кеч келаман, эрталаб туришга қийналаман, аммо ўқишимни қолдирмайман. Чунки ўғил боланинг ота-онасига юки кўп тушмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Қолаверса, ишим ва ўқишимнинг йўналиши бир-бирига яқин. Бу мен учун тажриба ҳам. Лекин дўстларимнинг ишлашга эҳтиёжи бору иш тополмаётганлари ҳам кўп. Сабаби, талаба бўлгани учун уларни ишга олишни исташмайди. Аммо улар нафақат стипендиясиз ўқишади, балки ижарада яшашади. Энди тасаввур қилинг: ҳам ижарада яшаса, ҳам стипендия олмаса... бу баъзи курсдошларимга оғирлик қилади.

Раъно Ҳикматова:

– Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг учинчи босқичида таҳсил оламан. Ишга жойлашишда қийналмадим. Биринчи босқичда ўқиётган пайтимда ўқув марказига ишга жойлашдим. Ва бу ерда малакам ошди. 2021 йил инглиз тилига ихтисослашган ўқув маркази ташкил қилдим. Сабаби, ҳаётда ҳамма қатори бўлиб эмас, балки кўпроқ нарсага эришиш ниятидаман. Ўқиш ва ишни бемалол бирга олиб борса бўлади, деб ҳисоблайман. Бунинг учун, иштиёқ ва интилиш керак.

Исмини ошкор қилишни истамаган талаба:

– Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3-босқич талабасиман. Ўқишдан кейин интернет-нашрларнинг бирида фотосуратчи бўлиб ишлайман. Ишим ўзимга жуда ёқади. Талаба бўлганим учун иш топишда қийинчиликлар кўп бўлган. Бир неча давлат ва нодавлат телеканалларига иш сўраб борганимда «бўш иш жойи йўқ» деган жавоб олганман. Мен ижарада тураман, шунинг учун ишлашим керак. Бир вақтнинг ўзида ўқиш ва ишлаш мен учун қийин. Кўп ҳолларда иш сабаб дарс қолдиришимга тўғри келади, бу эса ўқишимга таъсир кўрсатади.

Д.Зокирова суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг