Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тил ўрганишда янги давр бошланди (видео)

Бугунги шиддатли дунёда турли миллат, маданият ва тил эгалари бўлган дунё аҳли ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ мулоқотга эҳтиёж сезмоқда. Технология инқилоби сабаб дунёнинг исталган бурчагидан туриб унинг бошқа бир бурчагига сонияларда ахборот узатиш имкони мавжуд. Бир неча юз йиллар илгари бу узатмани амалга ошириш мумкинлиги инсоният тасаввурига сиғмас эди.

Миллисекундлар ҳам муҳим аҳамият касб этадиган тезкор замонамизда дунё билан ҳамқадам бўлишдаги энг муҳим омил – шубҳасиз, коммуникация ва тил воситаси саналади. Жаҳон тилларини ўрганиш нафақат мулоқот имкониятларини оширади, балки шахснинг меҳнат бозоридаги муваффақиятини, когнитив қобилиятларини, тафаккур диапазонини ҳам кенгайтиради.

Тил ўрганиш мия қувватини сезиларли даражада оширади. Боиси, янги тил мутлақо нотаниш ва мураккаб қоидалар, тизим ва лексикага эга бўлади. Ушбу тузилмаларни ўзлаштириш эса инсон миясидаги ҳужайраларни активлашишига, қўшимча имкониятларни кашф этишига ёрдам беради. Тилни ривожлантиришда давом этиш, унда мулоқот қилиш кишининг когнитив ва таҳлилий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиради.

Инсон мияси мушакка ўхшайди – қанча кўп ишлатилса, шунча активлашади. Тил ўрганиш инсон миясидан нафақат қоидалар ва луғат билан танишишни талаб қилади, балки унга бу билимларни эслаб қолиш ва тўғри қўллаш функциясини ҳам юклайди. Бу орқали эса мия кўп ишлайди ва инсон хотираси бевосита кучаяди.

Турли тилларни билиш глобал меҳнат бозорида қимматли кадр бўлиш имкониятини ҳам кенгайтиради. Шунингдек, бу кўникма шахсий ривожланишда юзага келиши мумкин бўлган турли чегара ва тўсиқларни бартараф этади. Шахснинг рақобатбардошлик даражасини оширади.

Иш берувчилар номзод учун энг зарурий кўникмаларни санаб ўтганда, доимо «бир нечта тилни билиш» қобилиятига алоҳида урғу беради. Кўпинча бу кўникма номзоднинг бошқа қобилиятлари ва ҳатто иш тажрибасиданда оғирроқ тош босади. Бошқача қилиб айтганда, дизайнер, сервис ходими, сотувчи ёки кичик бизнес эгаси бўладими – ҳар қандай соҳада кўп тиллилик кишининг профессионал мақсадларига эришишида муҳим ўрин тутади.

Тадқиқотларга кўра, иккинчи тилда қабул қилинган қарорлар шахснинг она тилисида қабул қилинганларидан кўра кўпроқ ақлга асосланган бўлади. Иккинчи (ёки учинчи, тўртинчи ва ҳ.к.) тилда муаммони ҳал қилиш жараёнида киши вазиятни тўғри баҳолашда зарур бўлган объективлик ва ҳиссий масофага эришади. Натижада, соғлом, нейтрал ва тизимли фикрлаш орқали аниқ танлов ва тўғри қарорлар қабул қилинади.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бир нечта тилда сўзлашадиган одамлар фақат битта тилда гапирадиган одамларга қараганда яхшироқ хотира, муаммоларни ҳал қилиш, диққатни жамлаш ва креативлик қобилиятларига эга бўлади. Иккинчи тилни билиш ёш ўтгани сари когнитив пасайиш эҳтимолини кескин камайтиради.

Бундан ташқари, янги тилни ўрганиш янги маданиятни ўрганиш демакдир. Дунё тарихи ва санъатининг аксарияти – китоблари, фильмлари, мусиқалари, бадиий асарлари ва илмий тажрибалари турли тилларда намоён бўлади. Немис тилининг нафислигию япон маданияти интригасини, араб тилининг ўзига хос оҳангию, италян тилининг шеърий жозибасини, инглиз тилининг бепоёнлигию, француз тилининг гўзаллигини – фақатгина мана шу тилларни ўрганиш орқали тўлақонли ҳис қилиш мумкин. Шекспир классикасини асл инглиз тилида мутолаа қилиш, Неруда шеърларини шоир она тилиси – испанчада ўқиш ёки Куросаванинг «Рашомон»ини ҳақиқий-японча версиясида томоша қилиш – барчаси фақат тил ўрганиш тақдим эта оладиган завқдир.

Умуман, тил ўрганиш орқали эришиладиган имкониятлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аммо бу кўникмани шакллантириш осон кечмайди. Тил ўрганишда малакали устоз, самарали стратегия, ўрганилган билимларни мустаҳкамлаш бирламчи ҳисобланади. Аммо юртимизда тил ўргатувчи профессионал кадрлар етишмайди. Бизда асосий урғу машҳур ва оммабоп тилларга қаратилган. Кадрлар ҳам асосан инглиз тилига ихтисослашган мутахассислар. Масалан, испан ёки япон тилини ўрганишни истаган ҳаммага ҳам ўқитувчи етарли эмас. Профессионал мутахассислар эса одатда марказларда бўлади. Чекка-чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли эса шаҳарга етиб бориши қийин.

Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 2022 йил ноябрь ойида ташкил этилган «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси хорижий тилларини бепул, содда ва креатив усулда ўргатишни мақсад қилган. Лойиҳа доирасида профессионал устозлар томонидан 13 та тил бўйича 22 турдаги тизимли ва «0»дан бошланган дарслар мажмуаси ишлаб чиқилмоқда. «Ибрат фарзандлари» билан турли тиллар бўйича билимларни қисқа муддат ичида комфорт зонадан туриб эгаллаш мумкин. Лойиҳа барча учун тенг равишда исталган жойда, исталган вақтда бепул тил ўрганиш имконини яратди.

«Ибрат фарзандлари» қисқа вақт ичида «YouTube»да қарийб 320 мингдан ортиқ ўрганувчига эга бўлди. Саҳифада эълон қилинган дарсларнинг умумий кўришлар сони 12 миллиондан ошди. Рақамлардан кўриниб турибдики, мамлакатимизда ёшлар ўртасида чет тилини ривожлантириш муҳим ва бу йўналишда бепул онлайн дарсларга талаб юқори.

Лойиҳа Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги истеъдодли ёшларга, молиявий томондан имконияти чекланган, лекин чет тилларини ўрганишга иштиёқи баланд ўқувчиларга ҳам хорижий тилларни ўргатиш, уларнинг тиллар бўйича саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

«Ибрат фарзандлари»нинг яна бир яхши томони — дарслар бир неча йилдан кейин ҳам ўз актуаллигини йўқотмайди. Тил ўрганишни мақсад қилган исталган ўқувчи YouTube'даги онлайн дарсларни исталган вақтда кўриб, ўрганиши мумкин. Лекин, YouTube имкониятлари чекланган, ушбу видеоплатформада ўрганувчилар прогрессини кузатиш, улар билан қайта алоқа қилишнинг иложи йўқ.

Шу боис лойиҳа ўрганувчиларига яна-да қулайлик яратиш мақсадида «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида «Ibrat Academy» иловаси ишлаб чиқилди. Унда ўрганувчилар нафақат видеодарслар кўриши, балки ўзининг тил даражасини доимий текшириб бориши, билимини мустаҳкамлайдиган синов-машқларини бажариши, сўз бойлигини интерактив усулда ошириши мумкин.

Ўрганувчи дастлаб иловани юклаб олиб, унда шахсий профил яратиши лозим. Сўнг ўзи қизиққан тилига обуна бўлиб, «Placement Test» орқали тил бўйича даражасини аниқлаши мумкин бўлади. Бу орқали илова фойдаланувчининг тил юзасидан билимига мос даражадаги дарслар ва синов-машқларини тавсия этади.

Яна бир қулай жиҳати, иловани онлайн ҳам оффлайн ҳам ишлатиш мумкин. Иловада тармоқдан узилган ҳолда ишлаш учун видеодарсликлар, файллар ва мавзуга оид машқ материалларини юклаб олиш функцияси мавжуд.

Шубҳасиз, ҳар қандай тилда эркинликка эришишнинг ягона йўли – бу сўз бойлиги. Фойдаланувчининг бу борадаги ривожини таъминлаш учун «Ibrat Academy»да сўзлар ва иборалардан иборат ўзбек тилидаги луғат мавжуд. Луғатда 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни топиш ва уларни 8 турдаги машқлар ёрдамида ўрганиш мумкин.

Шунингдек, иловада республика миқёсидаги «Пешқадамлар жадвали» ҳам узлуксиз равишда бериб борилади. Энг яхши ўрганувчилар эса муносиб тақдирланади.

Кутилмаган совғаларга эга бўлиш учун иловани юклаб олиш, фаол фойдаланувчи бўлиш, лойиҳани кузатиб бориш ва илованинг пешқадам ўрганувчилари ўртасида ўтказиладиган якуний танловда ғолиб бўлиш талаб этилади.

Илованинг кейинги «update»ларида сунъий интеллект функцияси ҳам қўшилиши кутилмоқда. Бу иловада ҳар бир фойдаланувчи билан индивидуал ёндашувда ишлаш имконини яратади. Яъни сунъий интеллект функцияси ўрганувчининг топшириқларини текширади, у билан мулоқот қилади, хато ва камчиликлари юзасидан фидбек ва тавсиялар беради.

Иловадан фойдаланишда ёш чегараси йўқ. «Ibrat Academy» ёрдамидан барча тил ихлосмандлари содда, самарали ва энг муҳими бепул усулда ўзбек тилида инглиз, рус, француз ва бошқа кўплаб тилларни ўргана олади.

Бугун тил ўрганишда янги давр бошланди. Сиз ҳам ушбу интеллектуал ҳаракатга қўшилинг, чунки бу лойиҳа дунё маданиятлари ўртасида кўприк яратади, коммуникация имкониятларини ривожлантиради ва барчага дунёнинг исталган бурчагида равон мулоқот қилиш имконини тақдим этади!

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, лойиҳадан кўзланган мақсад фақат тил ўргатиш эмас. Лойиҳадан кўзланган энг асосий мақсад – ўзбекистонлик глобал лидерларни тайёрлаш!

Рисолат МАХСИМОВА


Мобил иловани  Google Play ва App Store'дан юклаб олинг!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг