Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Виждонни уйғотиш»: мактабларда таълим-тарбияни яхшилаш бўйича таҳлилий таклиф

«Виждонни уйғотиш»: мактабларда таълим-тарбияни яхшилаш бўйича таҳлилий таклиф

Фото: «13-dimi.uz»

Мактабда ҳамма ўқувчилар ақлий ёки жисмоний жиҳатдан тенг бўлмайди, бу реал ҳолат. Аммо жисмонан бақувват ўқувчиларнинг айрим, баъзан аксари кўп вақтини, керакли даврини нима билан ўтказиб қўяди, албатта, ё волейбол, ё футбол ёки яна қандайдир бошқа ортиқча машғулотларга берилиб кетиб бой бермоқда ва бу ҳеч кимга сирмас.

Буни таълим ва тарбия билан тартибга солиш керак назаримда.

Аммо қандай?

Оддий. Шунақа ортиқча ўй-хаёл ва ҳаракатларда юрган ўқувчиларнинг билимини жиддий таҳлил қилиб, жуда суст ўқиётган фанларидан то қониқарли ва яхши баҳолар олмагунича волейбол, футбол ёки бошқа мусобақалар пайтида оддий ва ўйинга алоқаси йўқ, аммо одам соғлиғи, керак бўлса ақлий ўсишида ёрдам берадиган жисмоний машқлар қилиши юклатилса ҳамда жисмоний тарбия фани нисбатан назарий қилиб ўтилиши белгиланса мақсадга монанд бўларди.

Қолаверса, мактабда тарбияси ўзгарган, ўқувчига хос бўлмаган ҳаракатлилари кузатилса, равшанлашса, синфхонани тозалаш, мактаб ҳудуди ва атрофидаги тартибсизликларни дарсдан кейин яхшилашга, сарамжонлашга йўналтириш ҳам яхши самара беради. Шунда бола келажакда одам хатоси учун бундан-да кўп қийинчиликлар кўриши мумкинлигини ҳам ақлан, ҳам руҳан сезган ҳолда ўсиб боради. Қолаверса, биз билган Жанубий Кореа сериалларида ҳам ушбу ёндашув ва тартибда ўқувчиларни тарбиялаш лавҳаларини кўргансиз, эсланг. Хўш, бизлар ҳам ривожланган давлатлар тизимидан кераклисини олиб татбиқ қилсак бўлмайдими, бу катта пул талаб қиладими — асло. Ўзимизга боғлиқ, холос.

Тўртта мавзудан кейин ўқувчилар билимлар беллашувини синфлар ўртасида мунтазам ўтказишни жиддий йўлга қўйиш керак. Мусобақа дарсдан кейин уюштириб турилади. Ушбу беллашув қуйидагича бўлади:

Ўқитувчи тўртта мавзудан 100 га яқин тестлар ишлаб чиқиб, тест айтилаётган пайтда икки синфнинг ўқувчилари бир-бирининг ёнида ўтирган ҳолда ўз жавобларини белгилаб кетади. Бундай пайт иккала ўқувчи бир-бирига кўчиртириши ва бошқа айёрликлар қилишига йўл қўйдирилмаслиги балл тўплаш жараёнида қизғин баҳсни келтириб чиқаради. Баллар умумий белгиланиб, қайси синф ютгани маълум қилинади ва синфлардаги фаол ўқувчилар алоҳида қўшимча баҳоланади. Кейинги мусобақада фаоллар сони нечтага кўпайгани ҳисобланиб, бунинг учун ҳам синф ғолиблигида асқотадиган қўшимча баллар берилади. Бунинг таъсирли жиҳати шуки, қайсидир синфдаги ўқувчининг оқсаб, синфнинг кам балл олиб ютқазишига сабабчи бўлгани учун виждони қийналиши, оқибатда дарсларни ўзлаштиришга жиддий қараши бошланиб, шу ва бошқа ўқувчилар учун яхши натижага ундаши салмоқли самара беради.

Ўқувчи ўзининг вазифасини билмаслиги ёки енгил қараши бугун синфни, эртага маҳаллани, кейин жамиятни орқага тортиб бориши мумкинлигини, бунинг олдини олиш ўзининг қўлида эканини тушуниб, ҳам ақлан, ҳам руҳан ўсиб боради.

Ўқитувчининг ўқувчи учун умуман аҳамиятга эга бўлмаган конспект қилиш тартиби бекор қилиниши керак. Бир йилда вилоят ХТБ томонидан олти  маротаба махсус холис комиссия тузилиб, навбати билан синф ўқувчилари олаётган билимни аниқлаш учун ҳар хил фанлардан тестлар олиниши лозим. Синф бўйича кўрсаткич 75 фоиздан кам бўлса, тегишли фан ўқитувчисининг фаолияти ўрганилиши керак. Учинчи маротаба яна паст кўрсаткич ёки ўша миқдор бўлса, ўқитувчи лаёқатсиз деб топилиб қандайдир чора кўрилиши керакки, у ўз устида қоғоз билан эмас, ўқувчилар билан ишласин. Аммо фақат ўқувчи томонидан ушбу фоиз пасайиши тасдиқланса, ота-онасига жарима тўлатишни йўлга қўйиш керак. Бу принцип ота-онага бепул таълимни қадрлаш ва ўз фарзандига лоқайд бўлмасликни эслатиб туради.

Фарзандга, ўқувчига ҳам ўқитувчининг, ҳам ота-онанинг масъуллиги ошади бу жараёнда.

Камина ўқитувчи бўлиб ишлаган пайтида нафақат юқоридагиларни, яна бир муҳим ва психологик тарбияга йўналтирилган усулни қўллаган эди, яъни:

Ўқувчи мактабда кўп вақтини парта қаршисида ўтказади. Аммо партада ўқувчи кўриб турадиган кичик бўлса-да «эзгулик ачитқиси» йўқ. Айрим синф раҳбарлари парталарига ўз психологиясидан келиб чиқиб, маъқул кўрган цитаталаридан бирортасини қўйгандир. Аммо бу ҳам мавҳум масала.

Ушбу «ачитқи» барча мактабларимизда жорий этилса, ишонаман, ўз кучини беради.

1. «Эзгулик ачитқиси»:

«Ўқувчи, унутма — мактабга қандай келишинг, столда қанақа ўтиришинг, дарсга қанчалик қизиқишинг ва нисбатан ўзлаштиришинг, синфдошингга ва устозингга қандай муомалада, муносабатда бўлишинг бу — ота-онангдан қандай тарбия олаётганинг, ота-онанг қандай тарбияга эга ва ким эканлигини намоён қилиш дегани! Ота-онангни ва ўзингни ҳурмат қил! Устоз — волиданг каби улуғ кишидир! Бу шиорга амал қилишинг келажагинг ҳақида башорат бўлиб боради».

2. Синф эшиклари тилга кирсин.

Ҳар бир синфхонага кириш эшиги юзига: «Уйга вазифангни ва олаётган билимларингни бугун дарсда билдириб қўй. Ўзингни ҳеч кимдан кам эмаслигингни яна бир бор исботла».

Эшикнинг синфхонадан чиқиш юзига: «Бугун дарсликдан, устозингдан нима олиб кетяпсан. Сен ўқувчи бўлиб ютиб кетяпсанми, ютқазибми?» Шунга ўхшаш сўроқлар бошқа соҳалар учун ҳам зарар қилмайди. Масалан, шифохоналар эшикларига, банклар эшикларига ва ҳ.к.

Мақсад оддий — виждонни уйғотиб туриш.

Абдуқодир Мўминов,
журналист

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг