1 апрелга қадар яна бир портал яратилади

Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилингани тўғрисида хабар берган эдик.
Унда Ўзбекистонда Миллий мониторинг тизими яратилиши, шунингдек, «давлат хизматларининг сирли мижози» институти жорий этилиши белгиланди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул бўлган бошқа вазирликлар, идоралар ва тадқиқот институтлари билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар интернет тармоғида «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона порталини яратиш вазифаси топширилди.
Ушбу ягона портал:
- халқаро рейтинглар бўйича йиллик ҳисоботлар, шунингдек, ҳисоботларни ўрганиш ва эълон қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда тегишли йўналишлар бўйича ишлар аҳволини яхшилашга қаратилган халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг тавсиялари;
- халқаро рейтинглар индикаторлари бўйича хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасига оид ахборотлар;
- тегишли рейтинглар йўналишлари бўйича жамоатчилик фикри сўровномалари, шунингдек, ижтимоий ва илмий тадқиқотлар натижалари;
- халқаро рейтинглар саволномалари шаклида ҳар бир индикатор кесимида тўлиқ ва аниқ маълумотлар, шу жумладан, статистик маълумотлар;
- тегишли рейтинглар бўйича турли ижтимоий сўровларни ўтказиш имконияти;
- тегишли халқаро рейтинг методологияси бўйича онлайн ўқитиш ресурси;
- респондентлар томонидан жойларда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни тақдим этишни ўз ичига олган.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона портали фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янгилаш бўйича масъул орган этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирликлар, идоралар ва тадқиқот институтлари ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар, зарур статистик ахборотлар ва бошқа материалларни тақдим этишни таъминлайди.
Бунда Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш учун масъул вазирликлар, идоралар ва тадқиқот институтлари раҳбарлари «Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда» ягона порталида эълон қилинадиган ахборотларнинг ишончлилиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter