«Meningfikrim.uz» порталида 70 дан зиёд петиция эълон қилинди
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмедхўжаев раислигида вазирлик Ҳайъат кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
Унда 2018 йилнинг I ярим йиллигида ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиш ҳолати, шунингдек соҳага хорижий сармояларнинг жалб этилиши ва инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши сарҳисоб қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 30 дан зиёд янги электрон давлат хизматлари жорий қилинди. Натижада, жами хизматлар сони 101 тани ташкил қилмоқда. Ягона портал орқали шу давр ичида фуқаролар томонидан хизматлардан фойдаланиш юзасидан 31 мингта ариза келиб тушган. Давлат хизматларидан фойдаланиш юзасидан жами аризалар сони 560 мингтани ташкил қилмоқда.
2018 йилнинг апрелида жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган «Meningfikrim.uz» портали ишга туширилган эди. Бугунгача мазкур ресурсда 70 дан зиёд петиция эълон қилинди, 170 та петиция қайта ишлаш жараёнида. I ярим йиллик натижаларига кўра, порталда 1000 тадан ошиқ жамоавий мурожаатлар келиб тушган, уларга 13 мингдан ошиқ фикр-мулоҳазалар қолдирилган.
Шунингдек, шу йилнинг 1 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси янги талқинда ишга туширилди. У орқали 2 миллиондан зиёд мурожаатлар келиб тушган, 1,9 млн (98%) мурожаат кўриб чиқилган.
Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида Ўзбекистон Республикасининг 13600 дан зиёд меъёрий ҳужжатларининг лойиҳалари эълон қилинди, уларга нисбатан фуқароларнинг 2 428 дан ошиқ таклиф ва фикрлари олинди.
Биринчи ярим йилликда Mirzo Ulugbek Innovation Center (MUIC) инновация марказига аъзо бўлиш истагини билдирган компаниялардан 176 нафарига аъзолик мақоми берилди. Уларнинг сони бугунги кунда 319 тага етди. Бу компанияларда жами 2,6 минг нафар ходим меҳнат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter