Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Микрокредитбанк»: ёш тадбиркорларга ажратиладиган кредит ҳажми ошди

«Микрокредитбанк»: ёш тадбиркорларга ажратиладиган кредит ҳажми ошди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 21 апрель куни Миллий матбуот марказида «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки томонидан ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги режалар мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Ушбу тадбирни «Микрокредитбанк» АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Камолиддин Атаев очиб, банк томонидан «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури доирасида банк томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Жумладан, «Микрокредитбанк» АТБ томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 2021 йилда жами 2,5 трлн. сўм (ўтган йилда 1,4 трлн. сўм), шу жумладан ёшлар бандлигини таъминлашга 1,4 трлн. сўм кредит ажратиш бўйича ҳудудлар кесимида ойма-ой режа графиклар ишлаб чиқилди.

Ушбу режа-графикка асосан ўтган даврда оилавий тадбиркорлик учун 745,6 млрд. сўмлик кредитлар эвазига 30 мингга яқин аҳолини бандлиги таъминланди. Бу ўтган йил шу даврига нисбатан 613,5 млрд. сўм ёки 6 баробарга кўп демакдир.

Ёшлар тадбиркорлиги учун январ-апрель ойлари давомида режадаги 386,4 млрд. сўм ўрнига 480,2 млрд. сўм (124%) имтиёзли кредитлар ажратилиб, 18 448 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Мисол учун: Сайхунобод туманидаги якка тартибдаги тадбиркор «Жамолиддинов Ибратжон Эркин ўғли»нинг спорт ва соғломлаштириш марказини ташкил этиш лойиҳасига 200 млн. сўм имтиёзли кредит ажратиш ҳисобига 10 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.

Юқорида қайд этилган ёшлар учун ажратилган 480,2 млрд. сўм имтиёзли кредитларнинг 174 млрд. сўми «Ёшлар дафтари»га киритилган 6 860 нафар ёшларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан март ойида ажратилган 150 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан эса 3 ҳафта муддат ичида махсус сертификатга эга 6 170 нафар ёшларга 183,3 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада жами 17 134 нафар ишсиз ёшларнинг 638 нафари – ишлаб чиқариш, 1 822 нафари – хизмат кўрсатиш, 4 593 нафари – тикувчилик, 2 672 нафари – чорвачилик, 2 935 нафари – иссиқхона, 4 474 нафари бошқа йўналишларда ўз лойиҳаларини йўлга қўйиш ва доимий даромад манбасини яратиш имкониятига эга бўлдилар.

Бундан ташқари, «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси маблағлари ҳисобидан 29 та лойиҳага 12,9 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилиб, 135 нафар ёшлар иш билан таъминланди.

Анжуманда сўзни Чакана бизнесни ривожлантириш департаменти директори Қобилжон Комилов давом эттирди ҳамда бугунги кунда республика ҳудудларида ишсиз ёшлар билан учрашиб, «Агентлик» шартномаси асосида банкка ишга жалб қилинаётгани хусусида маълумот берди.

Ҳозирда «Банк агентлари» ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллаларга бириктирилиб, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ёшларни банкка жалб қилмоқда. Бундан ташқари, банк структурасида ёшларга оид дастурлар бўйича раис ўринбосари, тегишли таркибий бўлинма ҳамда ҳар бир вилоят минтақавий филиалларида бошқарувчи ўринбосари (ёшлар бўйича) лавозимлари жорий этилди.

Микрокредитлаш механизми самарадорлигини ошириш мақсадида, банк томонидан аниқ ҳисоб-китобларга асосланган 60 та йўналиш бўйича тайёр бизнес-режа лойиҳалари ишлаб чиқилиб, китоб шаклига келтирилган ҳолда жойларга етказиб берилди.

Марказий банк билан ҳамкорликда мижозларнинг давлат дастурлари доирасида шаффоф ва адолатли кредит олиши, таъминотчилар ўз маҳсулотларини сотиши мумкин бўлган Ягона электрон платформа ишга туширилди. Ушбу платформада ёшлар тадбиркорлигига ажратилаётган имтиёзли кредитлар учун онлайн ариза юбориш, фойдали маълумотлар олиш, таъминотчи топиш ва бизнес режа танлаш каби имкониятлар яратилди.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ягона платформа интеграциясини амалга ошириш орқали ёшларга ўз бизнесини йўлга қўйишда «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш икки ой муддат ичида йўлга қўйилади.

Матбуот анжумани давомида «Микрокредитбанк» АТБ масъул ходимлари журналистлар томонидан берилган барча саволларга жавоб беришди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг