Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Mobiuz мобил алоқа тармоғини кенг кўламли модернизация қилмоқда

Mobiuz мобил алоқа тармоғини кенг кўламли модернизация қилмоқда

Фото: Мобиуз

Компания Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан техник ривожланишга 150 миллион АҚШ доллари йўналтирмоқда.

Mobiuz мобил тармоғи технологик ускуналарини тўлиқ модернизация қилиш бўйича лойиҳа Ўзбекистон Республикаси томонидан хорижий давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, хорижий сармояларни жалб этиш йўналишида олиб борилаётган сиёсатнинг ёрқин намунасидир.

Хусусан, 2019 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи бўлиб ўтди. ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашувда Ўзбекистон иқтисодиётига сармоялар, инновациялар ва технологияларни жалб қилишда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарининг ташрифидан сўнг, икки мамлакат ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида махсус ишчи гуруҳи тузилди. 2019-йил августида Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Хитойга ташрифи чоғида келишувлар тўплами имзоланди. Улар қаторида Mobiuz учун Хитойнинг кредити ҳисобига 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаси ҳам бор.

Ушбу маблағлар Mobiuz таянч станциялари жиҳозларини замонавийга тўлиқ алмаштириш, 4G LTE тармоғи қамровини кенгайтириш, транспорт тармоғи ва коммутация тизимини ривожлантиришни, алоқа ва мобил Интернет сифатини яхшилашни, янги технологияларни, шу жумладан 5G ни жорий қилишни назарда тутади. Белгиланишича, ажратилган маблағлар дунёнинг етакчи ишлаб чиқарувчиси – Huawei компаниясининг замонавий телекоммуникация ускуналари ва технологияларини харид қилишга сарфланади.

2020-йилнинг апрел ойида Mobiuz мобил алоқа операторининг инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 196-сонли қарори қабул қилинди. Унда инвестицияларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш механизмлари, инвестиция лойиҳаси иштирокчиларининг улушлари ва ХХР Экспорт-импорт банки ажратган кредит маблағларини қайтариш тартиби белгиланган.

Кейинги бир йил давомида Mobiuz томонидан хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни бошлаш учун зарур ҳужжатлар тўпламини тайёрлаш ва имзолаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президента қошидаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Huawei Technologies Co. Ltd ўз амалий ёрдамларини кўрсатдилар.

Ҳозирги вақтда инвестиция лойиҳаси бўйича эришилган келишувларга мувофиқ, таянч станциялар ва бошқа технологик ускуналарни тасдиқланган жадвалга мувофиқ етказиб бериш бошланди.

Умуман олганда, Mobiuz тармоқни модернизация қилиш ва янги технологияларни жорий этиш лойиҳасини 3 йил ичида компаниянинг барча куч ва маблағларини жалб қилган ҳолда якунлаш режалаштирилган. Бу овозли хизматлар ва мобил Интернет сифатини янада яхшилаш, 4G тармоғи қамровини ошириш, ҳатто чекка ҳудудларда ҳам маълумотларни узатиш тезлиги сезирарли даражада юксалтиришга хизмат қилади. Ўз навбатида, 4G қамров зонасининг кенгайиши компания абонентларига мобил технологиялар ва рақамли хизматлардан, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим, электрон тижорат соҳаларида фойдаланишга кўмак беради. 5G тармоқларини жорий этиш ва ривожлантириш эса "Рақамли Ўзбекистон – 2030”  Стратегиясини жорий этишга ва рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантиришга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг