Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ядро технологиялари  радиоактив чиқиндиларни камайтиришга  қодир

Ядро технологиялари  радиоактив чиқиндиларни камайтиришга  қодир

Ядро технологиялари дунёда тоза сув ва озиқ-овқат танқислиги муаммосини ҳал қила оладими? Қандай атом ечимлари нафақат эртага, балки ўн ва ҳатто юзлаб йилларда ҳам кундалик ҳаётда қулайликни кафолатлайди? 

Куни кеча Сочида ўтказилаётган «Atomexpo-2024» 13-халқаро форуми доирасида «IV авлод ядро технологиялари: аллақачон ҳақиқатга айланди» мавзуси муҳокамаси бўлиб ўтди.

Иштирокчилар ёпиқ ядро ёқилғиси айланиши энергия тизимининг ажралмас қисми сифатида IV авлод реактор технологияларини ривожлантиришнинг ҳозирги босқичини муҳокама қилдилар. Муҳокама давомида экспорт салоҳияти ва халқаро бозорнинг истиқболли технологияларга бўлган талаблари таҳлил қилинди.

Ядро технологиялари, биринчи навбатда, хавфсизликнинг янги даражаси, ёқилғи диапазонининг кенгайиши ва радиоактив чиқиндиларнинг сезиларли камайиши ҳисобига атом энергетикаси саноатини тубдан ўзгартиришга қодир. Россия — IV авлод технологияларини ривожлантириш бўйича етакчилардан биридир.

МАГАТЭ прогнозига кўра, ядро ишлаб чиқариш 2050 йилга бориб 2,5 баравар кўпаяди, аммо бу глобал энергия балансида 9 фоизни ташкил қилади. 

«Европада электрга бўлган талаб 2030 йилга бориб 50 фоиз ошади. Савол туғилади: қандай қилиб биз бу эҳтиёжни арзон, ишончли, хавфсиз ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан таъминлай оламиз. Фақат битта жавоб бор — атом энергияси орқали. Венгрия бунга мисол. Европа ва Россия ўртасидаги ядровий ҳамкорликсиз биз рақобатбардошлигимизга яна бир зарба берамиз. Биз барқарор ривожланиш мақсадларига эриша олмаймиз», — деди Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Питер Сийярто.

Халқаро форумда иштирок этаётган ўзбекистонлик эксперт, «Мано» тадқиқот ташаббуслари директори Бахтиёр Эргашев бу ҳақда ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:

«Бу форумда тўртинчи марта иштирок этишим. Бундан олдинги тардбирларда атом энергияси керакми-йўқми, деган саволлар устида қизғин баҳс-мунозаралар олиб бориларди. Бу йил эса ушбу саволга жавоб изланмади, балки барча мамлакат экспертлари бу соҳанинг келажаги борлигига вақт ўтган сайин ишонч ҳосил қилмоқда. Масалан, Япония ўзининг атом станцияларини қайта очишни мўлжаллаяпти. Ушбу IV авлод ядро технологияларининг афзал жиҳати — ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси АЭС учун янги ядро ёқилғиси сифатида қайтадан ишлатилади. Жаҳон энергетикаси истиқболи учун эса бу жуда муҳим. Чунки янги турдаги ёқилғининг саноат миқёсида қўлланилиши келажакда ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисидан қайта фойдаланиш ва уран хом ашёси қазиб олинишини қисқартириш имконини беради».

Дарвоқе, турли минтақаларда экологик муаммолар жиддий тус олаётгани сир эмас. Атом энергетикаси эса «яшил» энергетиканинг узвий қисмига айланиши кутилмоқда. Яъни «яшил» технологияларни ривожлантириш, хавфсиз ва самарали энергия манбаларини жорий этиш ҳар бир мамлакат тараққиёти учун муҳим эканлиги борган сари ойдинлашмоқда.

Янги тўртинчи авлод ядро технологиялари имкониятларидан ҳозирги кунда нафақат энергетика, саноат, экология, логистика, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам фойдаланиляпти.

Барно Султонова,
Сочи, Россия

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг