Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Маргарита Симоньян ва унинг маслакдошларига санкция жорий қилди

АҚШ Маргарита Симоньян ва унинг маслакдошларига санкция жорий қилди

АҚШ «Россия сегодня» Путиннинг изни билан дезинформация фаолияти олиб бормоқда деб ҳисоблайди.

Фото: ТАСС

АҚШ молия вазирлиги «Россия сегодня» медиа гуруҳи ва унинг «Новости», RT, Ruptly, Sputnik каби шўъба корхоналарига нисбатан санкция жорий қилди.

«Россия сегодня» бош муҳаррири Маргарита Симоньян, унинг ўринбосарлари Елизавета Бродская, Андрей Кияшко ва Антон Анисимов ҳам «қора рўйхат»га киритилган.

Вашингтон фикрича, Кремль ўз медиа лойиҳалари орқали АҚШдаги жорий президентлик сайловига таъсир кўрсатишга, хусусан, америкаликларнинг сайлов жараёнига ишончини сўндиришга уринмоқда.

Ўтган йили АҚШ расмийлари Россия разведкасига алоқадор шахслар Молдовада оммавий намойишлар ўтказиш орқали ҳукуматни ағдариш ва давлат тепасига кремлпараст маъмуриятни келтиришни кўзлаётганидан огоҳлантирган эди.

Бу гал ҳам Вашингтон маъмурияти Россия ўз ахборий ресурслари орқали Молдова, шунингдек, Украинадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганига эътибор қаратган.

АҚШ адлия вазирлиги ҳам бир қатор россиялик шахсларга қарши айблов эълон қилган. Жумладан, «Россия сегодня» медиа гуруҳининг рақамли лойиҳалар менежери Константин Калашников ва медиалойиҳалар бўлими ходимаси Елена Афанасьева ноқонуний равишда пул «ювгани» айтилмоқда. Қайд этилишича, улар АҚШда Россия манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган видеороликлар тарқатиш учун қарийб 10 миллион доллар сарфлаган.

АҚШ крелмпараст деб ҳисобланадиган RaHDit ҳакерлар гуруҳи ва унинг раҳбари, собиқ махсус хизмат офицери Алексей Герашченкога ҳам молиявий жазо қўллаган.

«Россия давлати томонидан дастакланаётган субъектлар Қўшма Штатлар институтлари ва сайлов жараёнларига нисбатан ишончни сўндириш мақсадида сунъий интеллект ёрдамида сохта ва ёлғон маълумотлар тарқатиш каби усулларни анчадан буён қўллаб келмоқда. 2024 йил бошидан буён RTнинг раҳбар ходимлари яна бир қабиҳ ишга қўл урди», – дейилади молия вазирлиги баёнотида.   

Давлат департаменти эса «Россия сегодня» ва унинг шўъба корхоналарини хорижий агентлар рўйхатига киритган.

Қўшма Штатлар расмийларига кўра, Кремль жорий йил 5 ноябрдаги президент сайловида Украинага молиявий кўмакни тўхтатиш тарафдори бўлган Дональд Трамп ғалаба қозонишини истайди. Дезинформация кампанияси ҳам шу мақсадга йўналтирилгани айтилмоқда.

Оқ уй расмий вакили Жон Кирби «Россия сегодня» медиа гуруҳи президент Владимир Путин изни билан шундай фаолият олиб бормоқда деб ҳисоблайди.

Жорий йил май ойида АҚШ миллий разведка хизмати раҳбари Эврил Ҳейнс  Россияни Қўшма Штатлар президентлик сайлови жараёнида «энг фаол хорижий таҳдид» деб атаган эди.

«Россия сегодня» давлат ахборот агентлигининг буюк давлатчилик ғоясини тарғиб этувчи бош муҳаррири Маргарита Симоньян аввалроқ собиқ Иттифоқ давлатларининг мустақиллигини ҳам шубҳа остига олган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг