АҚШ ва Эрон дастлабки келишувга эришди – Axios
АҚШ президенти Доналд Трамп яқин кунларда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида янги келишув имзоланиши мумкинлигини маълум қилди. Axios нашрининг хабар беришича, томонлар келишув матни бўйича дастлабки келишувга эришган.
Манбаларга кўра, меморандум имзоланган тақдирда Эрон ва АҚШ ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш режими яна 60 кунга узайтирилади. Шу давр мобайнида Эрон ядровий дастури бўйича кенг қамровли музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Келишув лойиҳасида Ҳўрмуз бўғозини дарҳол қайта очиш ва унда кемалар ҳаракатини тўлиқ тиклаш назарда тутилган. Шунингдек, АҚШ томонидан жорий этилган айрим чекловларни босқичма-босқич юмшатиш механизми ҳам киритилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Эрон ядровий қурол яратмаслик мажбуриятини олади ҳамда юқори даражада бойитилган уран захиралари масаласини ҳал қилиш бўйича музокараларга розилик беради. Айрим маълумотларга кўра, бойитилган уранни БМТ назорати остида мамлакат ичида қайта ишлаш вариантлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, келишув Қатар ва Покистон воситачилигида тайёрланган бўлиб, у «Исломобод келишуви» деб номланиши мумкин.
Бироқ ҳужжат ҳали расман имзоланмаган. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари якуний қарор қабул қилинмаганини билдирган. Шу билан бирга, АҚШ томони келишувни имзолаш маросими яқин кунларда бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter