Бразилия президенти Лула да Силва 120 йил яшамоқчи
Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва сайловолди учрашувида 120 йил умр кўрмоқчи эканини айтди.
Рио-де-Жанейрода чиқишида у ўз тарафдорларини 70 ёшдан ошган бразилияликларни бўлғуси президентлик сайловида овоз беришга кўндиришга чақирди. Бразилия қонунчилигига кўра, 18 ёшдан 69 ёшгача бўлган фуқаролар учун овоз бериш мажбурий, 70 ёшдан кейин сайловда қатнашиш ихтиёрийдир.
«Билиб қўйинг, мен 80 ёшдаман ва 100, 120 ёшгача яшамоқчиман ҳамда барча сайловларда овоз бермоқчиман», — деди Бразилия президенти.
Бразилия президентлиги учун сайлов 4 октябрга белгиланган. Агар ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаса, сайловнинг иккинчи тури 25 октябрда ўтказилади.
Datafolha компанияси 24 сентябрда эълон қилган сўровномага кўра, Лула да Силва биринчи турда 40 фоиз овоз олиши мумкин. Унинг асосий рақиби, ўнг қанот сиёсатчиси ва собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўғли Флавиу Болсонару 36 фоиз овозга умид қилиши мумкин.
Сўровнома натижаларидан хомчўт қилинса, иккинчи турда Лула 47 фоиз, Болсонару 45 фоиз овоз тўплаган бўлар эди.
Агарда мамлакат тарихидаги энг кекса президент Лула да Силва бу сафар ҳам сайловда ғалаба қозонса, унинг тўртинчи президентлик даври бошланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter