Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу – этник тозалаш». Халқаро ташкилотлар кескин баёнот берди

«Бу – этник тозалаш». Халқаро ташкилотлар кескин баёнот берди

Фото: АА

Араб давлатлари лигаси Исроилни ишғол остидаги Ғарбий соҳилда этник тозалаш ва ҳарбий жиноятлар содир этишда айблади. Халқаро тузилма Ғарбий соҳилдаги Фаластин оилалари мажбуран кўчирилиши ва уларнинг қасабалари ўрнида 4000 та янги уй қурилаётганини кескин қоралаган.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳам Фаластинга тегишли қишлоқларда ноқонуний тураржойлар барпо этилишини қоралаб баёнот берди. Халқаро ташкилот Исроилнинг «мустамлака сиёсати» фаластинликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилиши ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилишига сабаб бўлмоқда деб ҳисоблайди.

2021 йили Фаластин ташқи ишлар вазирлиги Исроил маъмурияти томонидан ишғол остидаги Шарқий Қуддусда 10 мингга яқин уй қурилиши режасига ҳам эътироз билдирган, бундан кўзланган мақсад Қуддуснинг тарихий-ҳуқуқий харитасини ўчириш эканини таъкидлаган эди.

Жорий йил апрелда – мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида Исроил полициясининг Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб киргани ҳам кескин норозиликка сабаб бўлди. Муқаддас масжидга ҳужум уюштирилгани ислом дунёси томонидан халқаро ҳуқуқнинг поймол этилиши деб баҳоланди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил февраль ойида Amnesty International ташкилоти Фаластин халқининг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётгани хусусида ҳисобот эълон қилиб, Исроилни апартеид сиёсати юритишда айблаганди.

Куни кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Шарқий Қуддус бўйича баёнот билан чиқди.

«Ўзбекистон Республикаси Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан жиддий хавотир билдиради. Биз томонларни кескинликни кучайтирмасликка ва можарони тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз. Фаластин–Исроил муаммосини ҳал қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг аввал қабул қилинган резолюциялари ва «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида амалга оширилиши зарур», – дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамият қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг