Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунё океани ва денгизлардаги ҳарорат рекорд даражага исиди

Дунё океани ва денгизлардаги ҳарорат рекорд даражага исиди

Фото: Казинформ

Дунё океанлари ва денгизларининг июл ойидаги ўртача юза ҳарорати кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичга етди. Европа Иттифоқининг Коперник иқлим ўзгариши хизмати маълумотларига кўра, Атлантика океани соҳиллари ва Ғарбий Ўрта ер денгизида июль ойидаги денгиз юзаси ҳарорати рекорд даражага кўтарилди.

Қутб ҳудудларидан ташқаридаги дунё бўйича ўртача денгиз юзаси ҳарорати 2023 йил июл ойида қайд этилган аввалги рекорддан ҳам ошди. Глобал юза ҳаво ҳарорати эса жорий йилнинг июл ойида 2024 йил июлидаги кўрсаткичга нисбатан 0,01 даражага паст бўлди. Олимлар бу ҳолатни кузатувлар тарихидаги иккинчи энг иссиқ июль ойи сифатида баҳолади.

Ғарбий Европада кучли иссиқ ва ёнғинлар кузатилди

Ғарбий Европа метеорологик кузатувлар бошланганидан бери энг иссиқ июн-июл даврини бошдан кечирди. Кучли иссиқ Ўрта ер денгизи бўйлаб катта ҳудудларни қамраб олган ўрмон ёнғинларига сабаб бўлди. Коперник маълумотларига кўра, 2026 йил ёзининг дастлабки икки ойидаги ҳарорат меъёрий кўрсаткичдан 2,79 даража юқори бўлиб, тўрт йил аввалги рекордни янгилади.

Европа Ўрта муддатли об-ҳавони башорат қилиш маркази иқлимшуносининг таъкидлашича, узоқ вақт сақланган юқори босимли атмосфера тизимлари иссиқ ҳавони Ғарбий Европа устида ушлаб қолган. Бу эса ҳаддан ташқари иссиқ ҳароратнинг кузатилишига олиб келган. Маълумотларга кўра, қуриб бораётган тупроқ ўзининг табиий совутиш қобилиятини йўқотган.

Иссиқ тўлқинлари ва қурғоқчилик ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатди

Франция, Испания, Германия ва Англиянинг айрим ҳудудларини қамраб олган қурғоқчилик туфайли дарёлардаги сув оқими камайди. Сув сатҳининг пасайиши сув таъминоти, суғориш тизимлари ва электр станцияларига салбий таъсир кўрсатди.

Полшадаги иккита кўмир электр станцияси, Венгрияда эса мамлакатдаги ягона атом электр станцияси совутиш учун сув етарли бўлмагани сабабли ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, июнь ойидаги иссиқ ҳаво дон етиштирувчиларга 2 миллиард евро миқдорида зарар келтирган. Европа Иқтисодиёт институти томонидан ўтказилган тадқиқотда қурғоқчилик қишлоқ хўжалигидан ташқари, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларига ҳам узоқ муддатли иқтисодий таъсир кўрсатгани қайд этилди. Европа Ўрмон Ёнғинлари Ахборот Тизими маълумотларига кўра, йил бошидан буён Европа Иттифоқи бўйлаб қарийб 500 минг гектар майдон ёнғинлар натижасида ёниб кетди. Ёнғинлар оқибатида ҳавонинг ифлосланиш даражаси ҳам ўртача кўрсаткичдан юқори бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг