Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазода ўлим сони мисли кўрилмаган даражага етди

Ғазода ўлим сони мисли кўрилмаган даражага етди

Ғазо, Абу Юсуф Нажжор шифохонаси. Авиаҳужумда ҳалок бўлган фаластинликлар.

Фото: Reuters

Исроил армияси томонидан уч ойдан буён бомбардимон қилинаётган Ғазода XXI асрдаги барча йирик қуролли зиддиятлардан кўпроқ ўлим кузатилмоқда. Бу ҳақда Буюк Британиядаги Oxfam хайрия ташкилоти маълум қилган.

Унга кўра, Исроил ҳарбийлари ҳар куни Ғазода ўртача 250 кишини ўлдирмоқда. Бу XXI асрда Cурия (кунлик 96,5 та ўлим),  Судан (51,6), Ироқ (50,8),  Украина (43,9), Афғонистон  (23,8), Яман (15,8) каби мамлакатларда рўй берган урушлардаги талафотлардан бир неча баробар кўпдир.

Oxfam ташкилоти қамалда қолаётган ғазоликларга гуманитар кўмак етиб келмаётгани, озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллиги сабаб ўлим хавфи янада ошган деб ҳисоблайди.

Исроил ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазо секторига тиш-тирноғигача қуролланган қўшин билан бостириб кирди. Маълумотларга қараганда, 7 октябрдан буён камида 23469 нафар фаластинлик ўлдирилди, 60 мингга яқин киши жароҳатланди.

CNN хабарига кўра, уч ойлик уруш даврида Ғазонинг ҳар 100 аҳолисидан бир нафари ёки жами аҳолининг 1 фоизи ҳалок бўлган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти 11 январь куни эълон қилган ҳисоботда ҳам Исроил томонидан Ғазода геноцид деб малакаланиши мумкин бўлган жиноятлар содир этилаётгани баён қилинган.

ҲАМАСнинг ҳужумини қоралаган халқаро ташкилот Исроилни минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш ва ғазоликларни оммавий жазолашда айблаган.

Ҳисоботда ёзилишича, Исроил ҳарбийлари халқаро гуманитар ҳуқуқни поймол қилган ҳолда Ғазодаги мактаб, шифохоналарга ҳам бомба ёғдирган. Шунингдек, аҳоли зич яшайдиган ҳудудда тақиқланган оқ фосфор ишлатилган. Ғазо сектори сув, озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғидан маҳрум этилиши 16 йилдан буён қамал шароитида яшаётган аҳоли ҳаётини баттар оғирлаштирган, гуманитар инқироз янада кескин тус олган.

Human Rights Watch Исроил Фаластиннинг бошқа бир ҳудуди – Ғарбий соҳилда ҳам халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатлар содир этаётганига эътибор қаратган. 2023 йилда Ғарбий соҳилда Исроил кучлари томонидан 492 нафар фаластинлик, жумладан, 120 нафар бола ўлдирилган. 1 январь ҳолатига кўра 3291 нафар фаластинлик судсиз, терговсиз қамоқда ушлаб турилибди.

Маълумот ўрнида, 11 январдан эътиборан Ҳаага шаҳрида жойлашган Халқаро жиноий судда Жанубий Африка Республикасининг Исроилга қарши даъвоси кўрилмоқда. ЖАР Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг