Жириновский Сибирга сургун жазосини тиклашни таклиф қилди. Путин бунга муносабат билдирди
Россия либерал-демократлари етакчиси Владимир Жириновский Сибирга сургун жазосини қайта тиклашни таклиф қилди. Мазкур фикр президент Владимир Путиннинг мамлакатдаги партия раҳбарлари билан 25 сентябрь кунги учрашувида билдирилди.
«Яқинда мудофаа вазири Сибирда янги шаҳарлар қурилажаги ҳақида гапирди. Биз бу ғояни қўллаб-қувватлаймиз. Фақат бир муаммо: ишлаш учун одамларни қаердан топамиз? Биз сургун тушунчасини қайта тиклашни таклиф этамиз. Қамоқхоналаримизда одамлар ўтирибди – 1000 рубль ўғирлаган ёки маст ҳолда жанжал кўтарган... Футболчилар Мамаев ва Кокорин ёдингиздами? Уларга икки-уч йилга қамоққа юборилди. Яхшиси, уларни бир неча йилга Сибирга бадарға қилиш керак эди...» – деган В.Жириновский.
Либераллар саркори Россия қонунчилигига кўра «хорижий агент» деб топилган шахсларни ҳам Сибирга мажбуран юборишни таклиф қилган.
Президент Путин Жириновскийнинг сургун орқали Сибирда ишчи кучини кўпайтириш таклифини маъқулламаган. Россия раҳбарига кўра, бу ўта қаттиқ амалиёт самара бермайди.
«Сургун орқали меҳнат манбаларини таъминлаш бизнинг услубимиз эмас. Ўзингиз сталинизм даврини танқид қиласиз-у, айни чоқда, сургунни таклиф этамиз. Бу услуб самара бермаса керак, қолаверса, бу ўта шафқатсизлик», – деб муносабат билдирган В.Путин.
Сибирга сургун Русия империяси ҳамда СССР даврида қўлланган жазо турлари сирасига киради. Хусусан, большевиклар ҳукмронлиги даврида минглаб сиёсий маҳкумлар мазкур совуқ минтақага бадарға этилган.
Ўта баҳсли, кези келганда телба-тескари баёнотлари билан тилга тушган Жириновский кўпда буён СССРни тиклаш ғоясини байроқ қилиб келади. Номи либерал, аммо амалда либералликдан анчагина узоқ партия етакчиси жорий йил март ойида «Говорит Москва» радиостанцияси эфирида МДҲ мамлакатлари – собиқ СССР республикаларини Россия таркибига губерния сифатида қўшилишга чақирган эди. Сиёсатчи Кремлнинг МДҲ давлатлари билан конфедерация, иттифоқ каби шаклдаги муносабатларидан кўра уларнинг губерния ўлароқ қўшилгани маъқул эканини урғулаган.
Жириновский Афғонистонда «Толибон» ҳаракати ҳокимиятга келиши муносабати билан жорий йил 23 август куни берган баёнотида навбатдаги иддао билан чиқди. Либераллар саркорининг хомхаёлига кўра, Афғонистонда фуқаролар уруши авж олгач, 2030 йилга бориб Марказий Осиё давлатлари Россия таркибига қўшилиш таклифи билан мурожаат қилади.
Аввал хабар қилганимиздек, Жириновский коронавирус пандемияси даврида Марказий Осиё мамлакатлари учун Россия чегараларини ёпишни ҳам таклиф этган, минтақа давлатлари Хитойдан хавфлироқ эканини даъво қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter