Нидерландиядаги сайловда ашаддий исломофоб ғалаба қозонди
Нидерландияда 22 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловида ўта ўнг сиёсатчи Герт Вилдерснинг «Озодлик партияси» (PVV) энг кўп овоз тўплади. Мазкур партия парламентдаги 150 ўриндан 37 тасини қўлга киритган.
Популистлиги ва зиддиятли чиқишлари сабаб «нидерландиялик Трамп» деган лақаб орттирган сиёсатчининг сайловда ғалаба қозониши «сиёсий тўфон» деб баҳоланмоқда.
Нидерландия қонунчилигига кўра, маълум партия ҳукуматни шакллантириши учун камида 76 та депутатлик курсисига эга чиқиши керак. Демак, ҳозирги вазиятда «Озодлик партияси» бошқа сиёсий гуруҳлар билан коалиция тузиши керак бўлади.
60 ёшли Герт Вилдерс ашаддий исломофоб сифатида танилган. У Нидерландияда масжидлар ва Қуръони каримни тақиқлаш, давлат муассасаларида ҳижоб ўрашни ман этиш тарафдори.
Г.Вилдерс мусулмонларнинг муқаддас китоби ва пайғамбари ҳақида туҳмат ва ҳақорат мазмунидаги баёнотлар бериб келган. Хусусан, Қуръони каримни «терроризм манбаи» деб даъво қилган. Исломга қарши шу каби нафратомуз баёнотлари сабаб маҳкамага ҳам тортилган.
«Озодлик партияси» раҳбари муҳожирларга қарши кескин позицияси билан ҳам отнинг қашқасидек танилган. Шу билан бирга, у Нидерландиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича референдум ўтказишни таклиф қилган. Унга кўра, ҳозирги вазиятда ЕИга тўловларни камайтириш ва иттифоққа янги аъзолар қабул қилишни тўхтатиш керак.
Politico нашри ЕИ асосчиларидан бири бўлган мамлакатдаги сайловда ўта ўнг партиянинг ғалаба қозонганини «ЕИ учун даҳшатли туш» деб атаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter