Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Орадан 30 йил ва 50 йил ўтиб кутубхонага қайтарилган китоблар ёхуд омонатга хиёнат қилмаган китобхонлар...

Орадан 30 йил ва 50 йил ўтиб кутубхонага қайтарилган китоблар ёхуд омонатга хиёнат қилмаган китобхонлар...

фото: https://www.aol.com

«Омонатга хиёнат қилмаслик» деган иборанинг хорижда қандай таржима қилинишига қизиқиб кўрдим. Аммо унинг аниқ қандай аталишига тайинли жавоб топа олмадим. Кейин эса «ҳалоллик» ибораси инглиз тилида қандай аталишига қизиқдим. Бир нечта жавоблар чиқди – ростгўйлик, виждонлилик, тўғрилик...

Бизда оддийгина аталадиган омонатга хиёнат қилмаслик ёки ҳалоллик тушунчаларимиз хорижда бир эмас бир нечта мазмунни ўз ичига оларкан. Шу кунларда хорижда китоблар билан бўлган воқеалар айнан шу фазилатларимиз ҳақида...

Англиядаги Кредитон кутубхонаси ходимлари янги йил арафасида эски китоб солинган конвертни олишганида жуда ҳаяжонланишди. Конвертда ҳеч қандай манзил ёзилмаган эди.

Уилбер Одри ва Тони Уэллс томонидан ёзилган «Thomas’s ABC» болалар китоби бундан нақ 31 йилу 5 ой олдин ўқишга олиб кетилгани маълум бўлди. Яъни китобни қайтариш муддати аллақачон ўтиб кетган.  

Кутубхона ходимлари ўз вақтида қайтарилмаган китоблар учун жарималар қўллаш аллақачон бекор қилинганини эслашди. Жарима бекор қилинишига сабаб болалар адабиёти ривожига салбий таъсир кўрсатган. Кутубхона ходимлари агар жарима тўлаш ўз кучида қолганида эди, бу маблағга Багама оролларида дам олиш мумкинлигини айтиб кулишди. Аммо китобни қайтариб берган аноним ўқувчи хотиржам бўлиши мумкин, унга ҳеч қандай жавобгарлик юкланмайди, балки китоб кутубхонадаги энг кўринарли жавондан жой олди.

Иккинчи воқеа ҳам янги йил арафасида содир бўлди.

Чикаголик (АҚШ) Чак Хилдебрандт янги йил арафасида китобларини яна бир бор тахлашга қарор қилди. Ва ўз шкафидаги китобларни кўздан кечириб, жуда саросимага тушди. У жавонлардан бирида Говард Лисснинг «Baseballs zaniest stars» китобини кўриб қолди. Муаммонинг моҳияти шундаки, Чак бу китобни 1974 йилда кутубхонадан олиб қайтариб бермаган, ёдидан кўтарилган – орадан 50 йил ўтиб-а? Уятдан ерга кириб кетай деган Чак кутубхонага борди, лекин кутубхона ходимлари рўйхатдан бу китоб чиқариб ташланганини, уни ўзида олиб қолиши мумкинлигини айтишди. Бундан ташқари, китобни вақтида топширмаган ўқувчидан кечикканлик учун ундирилиши керак бўлган 4500 доллар тўлов ундирилмади.

Бироқ, Чакнинг виждони бу билан тинчланмади, у жарима тўлаш учун йиққан барча пулларини маълум бир нотижорат ташкилотга саводхонликни ошириш тадбирлари учун хайрия қилди.

Орадан 30 йил ва ҳатто 50 йил ўтиб унутилган, рўйхатдан чиқарилган китобларни кутубхонага қайтарган хорижлик китобхонлар ҳақида ўқиб ўйлаб қолдим: бу инсонларнинг тутган йўли қайси бир фазилатларга тўғри келади, омонатга хиёнат қилмасликми, ҳалоллик, ростгўйлик, виждонлилик, тўғриликми? Бошқа тилда буларнинг барчаси битта сўз билан қандай ифодаланади?

Хуллас, сиз-чи  кимдандир ёки кутубхонадан олган китобларнинг барчасини қайтарганман деб айта оласизми? Яна Чикаголик Чакдек уятдан ерга кириб кетгудек бўлиб, виждон азобида қолманг дейман-да...

                                                                                         Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг