Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Томир уйғоқ, руҳ уйғоқ ёки ҳайратларга тўлиб-тошган кўнгиллар учрашуви

Томир уйғоқ, руҳ уйғоқ ёки ҳайратларга тўлиб-тошган кўнгиллар учрашуви

Осмон рангсиз...

Намчил дардлар

Кўз ёшидай тўкилар ерга

Сен кетмадинг, мангу қолдинг –

Маъюсгина бир дилда...

Тақдимотга борганимда қўлимга тутқазилган китобдан илк ўқиган шеър шу бўлди.  Ўқишда яна давом этаман:

Маъсум Шайхзодамни нима қилдинг айт?

Миртемирнинг руҳи қийналиб ётар.

Дунё зулмингдан қайт.

Китобдан бошимни кўтариб шеър муаллифини қидираман.

Ҳа, мен Миллий матбуот марказига – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоира Гули Нигор Авазованинг «Рангин руҳунат» ва «Руҳ уйғоқ» номли китоблари тақдимотига келганимни унутаёзгандим.

Бирин-кетин устозлар, таниқли шоирлар, ёшлар сўзга чиқди, ҳар бири ижодкорнинг қайси шеърларидан таъсирланганини – унинг ижодини иштирокчиларга яқиндан таништирди. Тақдимотда сўз олган бошловчи адабиётшунос олим Нурбой Жабборов, Зулфия номидаги давлат мукофотини олган қизларнинг кўпини танимаймиз, аммо Гули Нигор 6 та китоб нашр эттирди, ҳатто унинг шеърлари турк ва озарбайжон тилларига таржима қилинган,  дея эътироф этди.

Дарвоқе «Академнашр» ва «Ижод нашр» нашриётларида чоп этилган мазкур китоблардан муаллифнинг 150 дан ортиқ шеърлари ўрин олган.  

«Рангин руҳунот» китобига сўз боши ёзган Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Вафо Файзуллоҳ шоира ҳақида шундай дейди: «Очиғи Гули Нигорнинг янги шеърлари билан танишиб, шеър билан ҳамнафаслик, ижодий изланишдан тўхтамагани, руҳоният ундан узилмаганлиги, қийинчилик билан бўлса-да қалбини тирикчилик чалғишларидан асрай олганлиги ёзганларида ўзгача жило ва шаклда кўрингани унга нисбатан умидимни кучайтирди, у қаламга олган мавзуларда ҳамма ёзиб ётибди. Бироқ шоиранинг юртга, яқинларига муҳаббати, теваракни эса ўз нигоҳи билан кўришга интилиши, самимияти шеърхонни бефарқ қолдирмайди. Кашфиётлари эса севинтиради. Мана унинг ватан ҳақидаги айрим ташбеҳ-тизимлари: Ватан – юрагимда улғайган эртак ёки Сенингсиз саҳрода қолган лоламан. Булар тасаввуримизни кенгайтиради, сохта ватанпарварликдан холи оҳори билан ўгит ҳам беради».  

Гули Нигорнинг шеърларидан яна бирини ўқишга киришаман. Бу унинг «Чори Аваз» шеъри, ҳа бу ўша истеъдодли сийрати ва сурати бир бўлган отаси  ҳақидаги шеър  эди, бироз ғамгин, бироз маюс ва дилгир аммо дарддек улкан:

Ташқарида куз

Шитирлайди боғ...

Бир руҳ кезар

Куздек хазонрез

Юракда уйғонар

Хазондек ғамлар

Уйғонар, улғаяр.

Тўкилар дардлар...

Яна унинг «Шавкат Раҳмон», «Синглимга», «Ҳулкарга», «Она эрта кедиммикан?» каби шеърларида яқинларга бўлган ўзгача эҳтиром, инсонга бўлган алоҳида ҳурматни ҳис қилдим.  

Китоб тақдимоти охирлаётганда шоиранинг шеърларини ифодали ўқиш бўйича ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди ва совғалар, албатта ноёб китоблар тўпламлари топширилди.

Бу тақдимот менда қандай таассурот қолдирди? Шеърни, ижодни, китобни яхши кўрадиган ёшлар кўп эканлигини англадим.

Умуман олганда қалби уйғоқ, руҳи уйғоқ ёшлар, Гули Нигордек шоиралар кўплиги ўз фикрига, ўз дунёсига эга инсонлар борлиги учун ҳам дунё ривожланишда... Чунки шоира айтганидек: томир уйғоқ, руҳ уйғоқ экан кўнгиллар ҳайратга тўлиб-тошаверади...

Маълумот учун: Гули Нигор Авазова 1988 йил 2 майда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети магистри.

Шу пайтга қадар «Уйғон, кўнгил», «Тонг чорлови», «Ҳурлигимни куйлайман», «Саодатга йўлловчи маскан», «Гулнинг эртаги» каби китоблари нашр этилган. «Инсон ҳуқуқлари – журналист нигоҳида», «Йилнинг энг фаол журналисти» республика танловлари, «Олтин қалам» миллий мукофоти ғолиби. Айни пайтда «Темирйўлкарго» АЖ матбуот котиби сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг