Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Путинни қотилликда айблаган журналист қаерда экани маълум бўлди

Путинни қотилликда айблаган журналист қаерда экани маълум бўлди

Марина Овсянникова

Россиянинг «Биринчи канал»и собиқ муҳаррири, Россия армияси ҳақида ёлғон ахборот тарқатишда айбланаётган Марина Овсянникова Европа мамлакатларидан бирига чиқиб кетди. Бу ҳақда унинг адвокати Дмитрий Захватов маълум қилди.

«Марина Овсянникова Россияни тарк этишга мажбур бўлди. У айни пайтда Европа мамлакатларидан бири ҳимоясида, хавфсиз жойда», – деган адвокат.

Октябрь ойи бошида Россия ички ишлар вазирлиги уй қамоғидан қочган М.Овсянниковани қидирувга берганди. Бу орада журналистнинг ўзи ижтимоий тармоқ орқали айбсиз экани, шунга кўра уй қамоғи шартларига бўйсунмаслигини маълум қилган.

17 октябрь куни Москва суди Игорь ва Марина Овсянниковаларнинг 11 ёшли қизи отаси билан яшаши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Аммо қизчани онаси ўзи билан олиб кетгани айтилмоқда.

Марина Овсянникова жорий йил 14 март куни «Биринчи канал»и жонли эфирида Украинада кечаётган урушга қарши баёнот бергани билан тилга тушди. «Время» бошловчиси Екатерина Андреева Ғарб санкцияларига қарши туриш ҳақидаги лавҳанинг кириш қисмини ўқиётганда Овсянникова орт кадрда пайдо бўлиб, «Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши» деган ёзувни кўтариб чиққан.

Ушбу хатти-ҳаракати ортидан қамоққа олинган ва маъмурий иш доирасида жаримага тортилган журналист «Новая газета» нашрига берган интервьюсида тергов тафсилотларини очиқлаганди. Маълум бўлишича, Россия ҳуқуқ идоралари Марина Овсянникова Ғарб мамлакатлари махсус хизмати билан ҳамкорлик қилади деган гумонга борган.

Жорий йил август ойида эса М.Овсянникова Москвада «Путин – қотил. Унинг аскарлари – фашистлар» деган ёзув битилган плакат кўтарганча норозилик намойиши ўтказган. Бунинг ортида унга нисбатан жиноий иш очилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг