Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Путиннинг ажал савдогари» эски ҳунарини бошлади – WSJ

«Путиннинг ажал савдогари» эски ҳунарини бошлади – WSJ

Ноқонуний қуролфурушликда айбланиб, АҚШда 25 йилга озодликдан маҳрум этилган ва икки йил аввал маҳкумлар алмашуви битими доирасида озодликка чиққан россиялик Виктор Бут яна қурол-аслаҳа савдоси билан шуғулланаётган бўлиши мумкин.

«Wall Street Journal» газетаси айни шу мавзуга бағишланган мақолага «Путиннинг ажал савдогари яна қурол тижоратига  қайтмоқда. Бу гал у ҳусийлар билан олди-берди қилмоқда» дея сарлавҳа қўйган. 

АҚШ нашрининг ёзишича, қамоқдан ватанига қайтгач, либерал-демократик партия сафига кирган ва Ульяновск қонунчилик идораси депутати этиб сайланган 57 ёшли Бут август ойида Яманнинг ҳусийлар ҳаракати вакиллари билан музокара олиб борган. Яманликлар 10 миллион долларга АК-74 русумли автомат харид қилиш ниятида Россияга келган. Музокарада танкка қарши ракеталар ва зенит воситалари хариди ҳам кўриб чиқилган.

WSJ'га кўра, томонлар автомат олди-бердиси борасида келишувга эришган. Қурол-аслаҳа октябрь ойида озиқ-овқат ниқобида етказилиши айтилмоқда. 

Россия ҳусийларнинг кемаларга қарши қўлланувчи «Яхонт» ракеталарини сотиш бўйича илтимосини рад этган. Минтақадаги АҚШ кемаларига хавф солиши мумкин бўлган ракеталар Саудия Арабистони сўровига кўра яманликларга берилмаган.

Виктор Бутнинг ўзи «Wall Street Journal» илгари сурган тахминни рад этар экан, бу мақола президент Владимир Путиннинг туғилгани куни (7 октябрь) муносабати билан тарқатилган уйдирма эканини айтган. 

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам буни «халқ вакилларига қарши уюштирилган ахборий хуруж» деб атаган.

Дунёдаги энг йирик қуролфурушлардан бири саналган Виктор Бутга «Қуроллар қироли» лақаби берилган.

Бут 2008 йилда Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида қўлга олинган. Уни ўзини колумбиялик наркопартизанлар деб таништирган АҚШ махсус идоралари вакиллари тузоққа туширган.

Россия дипломатларининг уринишларига қарамай, Бут 2010 йилда АҚШга топширилган. Океан ортида у ноқонуний қуролфурушлик ва терроризмни дастаклашда айбланиб 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Бут тергов идораси айбловини тан олмаган.

Аввал хабар берганимиздек, В.Бут 2022 йил декабрь ойида Москва ва Вашингтон ҳукуматлари ўртасида маҳкумлар алмашуви доирасида қўйиб юборилган. У Россияда гиёҳвандлик моддалари контрабандасида айбланган америкалик баскетболчи Бритни Гринерга алмаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг