Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистонга суперпрезидент энди керак эмас

Қозоғистонга суперпрезидент энди керак эмас

Фото: «Akorda.kz»

«Қозоғистон Республикасининг айрим конституциявий қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси учун тартибга солиш сиёсати бўйича маслаҳат ҳужжати ишлаб чиқилди.

Ҳужжат президентнинг Қозоғистон халқига «Янги Қозоғистон: янгиланиш ва модернизация йўли» мурожаатномасини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси доирасида ишлаб чиқилди, дейилади хабарда.

Қозоғистонда бошқарувнинг суперпрезидентлик модели шаклланган. Мамлакат тараққиётининг дастлабки босқичида бу ўзини оқлади. Бироқ жамият ўзгармоқда, мамлакат ўзгаряпти. Сиёсий тизим эса доимо янги воқеликка мослашиши керак, дея таъкидлашган ҳужжат муаллифлари:

Бугун мамлакатда деярли ҳамма нарса президентга бориб тақалади, туб хато ана шунда. Бундай амалиётдан аста-секин воз кечиш керак.

Партия тузилмаларининг давлат аппарати билан чатишиб кетганлиги ҳам салбий ҳолат, дея баҳоланмоқда. Сиёсатдаги монополия турли ижтимоий бузилишлар ва давлатнинг таназзулига олиб келади.

Шу боис ҳукумат тармоқларини қайта шакллантириш ва қонунчиликка қатор ўзгартишларни киритиш таклиф этилмоқда.

Қозоғистон президенти ваколатларига доир таклиф этилаётган ўзгартишлар:

  • Президент ўз ваколатларини амалга ошириш даврида сиёсий партияларга аъзолигини қонун йўли билан тақиқлаш;
  • Президентга вилоятлар, республика аҳамиятидаги шаҳарлар ва пойтахт ҳокимларининг қарорларини бекор қилиш ёки тўхтатиб туриш ҳуқуқини берувчи ваколатларни чиқариб ташлаш;
  • Президентнинг вилоят аҳамиятига эга туманлар ва шаҳарлар, шаҳар туманлари, туман аҳамиятига эга шаҳарлар, қишлоқлар, посёлкалар, қишлоқ округлари ҳокимларини лавозимидан озод этиш ҳуқуқини бекор қилиш;
  • Президентнинг яқин қариндошлари давлат органлари ва давлат иштирокидаги сектор субъектларида раҳбарлик лавозимларини эгаллашини қонун йўли билан тақиқлаш.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси, Республика бюджети ижросини назорат қилиш бўйича ҳисоб қўмитаси, Конституциявий кенгаш раислари ва аъзоларини партия аъзолигидан мажбурий чиқариб юбориш кўзда тутилмоқда.

Ушбу ҳужжатда, парламент, сайлов тизимини ислоҳ қилиш, сайлов жараёнларини модернизация қилиш ҳақида ҳам гап боради.

Ҳужжат 11 майга қадар жамоатчилик муҳокамаси учун Қозоғистоннинг Очиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида жойлаштирилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг