Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

18 минг инсонга умид берган ташаббус

18 минг инсонга умид берган ташаббус

Соғлом ҳаётга қайтиш ҳар бир бола учун энг катта бахт. Бугун замонавий тиббиёт имкониятлари ва малакали мутахассислар саъй-ҳаракатлари туфайли оғир хасталикларга чалинган кўплаб болалар яна тўлақонли ҳаёт сари қадам қўймоқда.

Президент ташаббуси ҳамда «Вақф» хайрия жамоат фонди кўмагида мамлакат бўйлаб қарийб 18 минг нафар болалар ва катталар ҳаёт учун зарур даволаниш курсларидан ўтди, юқори технологияли ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирди. Уларнинг аксарияти бугун соғлом ҳаётга қайтмоқда.

Ушбу эзгу ташаббус доирасида Республикамизда ҳам мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Марказ мутахассислари оғир хасталикларга чалинган кичик беморларни даволаб, уларга соғлом ҳаётга қайтиш имконини бермоқда.

Шундай беморлардан бири — Фирдавс. Оғир хасталиги сабаб у шу кунга қадар фақат зонд орқали овқатланишга мажбур бўлган. Яқинда марказ шифокорлари томонидан унда қизилўнгачни қайта тиклаш бўйича мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.

Тиббиёт марказига ташриф буюрган Шаҳноза Мирзиёева Фирдавснинг ҳолидан хабар олиб, унинг даволаниш ва тикланиш жараёни билан яқиндан танишди. У кичик беморга тезроқ соғайиб, тенгдошлари қаторида тўлақонли ҳаётга қайтишини тилади.

Фирдавснинг тақдири тиббий ёрдамга муҳтож болалар учун яратилаётган имкониятларнинг яна бир амалий натижасидир. Бундай мураккаб амалиётларнинг замонавий тиббий технологиялар асосида муваффақиятли бажарилаётгани эса болалар саломатлигини асраш йўлидаги муҳим қадамдир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг