Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Салкам чорак аср аввал ўғирланган Ferrari эгасига қайтарилди

Салкам чорак аср аввал ўғирланган Ferrari эгасига қайтарилди

Фото: Carscoops

Италияда ўғирлаб кетилган Ferrari F40 суперкари 24 йилдан сўнг топилди. Бу ҳақда Carscoops сайти хабар берди.

Ferrari F40 Италиянинг Монца шаҳридаги меҳмонхона парковкасидан 2000 йилнинг 16 апрелида ўғирлаб кетилганди. Полиция машинани тополмаган, узоқ йиллар мобайнида унинг дом-дараги ҳам чиқмаганди.

Бироқ машина эгаси қўл қовуштириб ўтирмади ва хусусий изқуварлар ёллади. Улар ўғирланган машина бошқа бир одамга сотиб юборилганини аниқлашди, ўша янги хўжайинга боғланиб, агар машинани қонуний эгасига қайтарса, жазоланмаслигига ваъда беришди.

Машинаси йўқолганида эгаси қанча қайғуга тушган бўлса, топилганида шунча қувонди, чунки ўтган салкам чорак аср давомида унинг нархига нарх қўшилганди. Ҳозир Ferrari F40 нархи 2-2,5 млн доллар атрофида.

Ferrari F40 — чакана автомобил эмас, ўз даврида энг тезюрар машина ҳисобланган. Ва энг муҳими, бевосита Энцо Феррари қўл остида ишлаб чиқарилган сўнгги суперкар саналади.

Машинанинг 2,9-литрли V8 твин-турбо мотори 478 от кучига эга, кузови композит ашёлардан тайёрланган. 100 км/с тезлик олишга 4,1 сония сарфлайди, максимал тезлиги 324 км/соат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг