Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда Telegram орқали наркотик сотган икки шахс ушланди

Тошкентда Telegram орқали наркотик сотган икки шахс ушланди

Дунё миқёсида синтетик гиёҳвандлик воситаларининг тарқалиши, шунингдек, интернет тармоқлари орқали наркотрафикни ташкил этиш ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Ўзбекистонда ҳам мазкур таҳдидларга қарши тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 3 август куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамкорлигида Яшнобод ва Чилонзор туманларида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.

Тадбирлар давомида 1993 йилда туғилган шахс ҳамда муқаддам Жиноят кодексининг 228-моддаси 1 ва 2-қисмлари ҳамда 168-моддаси билан судланган, 1992 йилда туғилган унинг жиноий шериги Яшнобод туманида гиёҳвандлик воситаларини яширин жойларга жойлаштириш, яъни закладка усулида тарқатаётган вақтида ушланган.

Ҳодиса жойида уларга тегишли Nexia-3 русумли автомашина кўздан кечирилганда, 20 грамм гашиш ёғи аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар аниқланган маълумотларга кўра, гумонланувчилар 2025 йилдан буён Telegram платформасидаги наркотик дўконида омборчи сифатида фаолият юритиб, ҳар ойда қарийб 10 килограмм турли хил гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган.

Тезкор тадбирлар давомида уларнинг яшаш манзиллари ҳам кўздан кечирилган. Натижада 2 килограмм гашиш ёғи, марихуана ва гашиш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини қадоқлаш ва тарқатиш учун мўлжалланган изолента ҳамда бошқа ашёлар аниқланган.

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган мазкур тезкор тадбир натижасида жами 2 килограмм 170 грамм, яъни қарийб 10 минг 700 дозага тенг гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан чиқариб қолинди.

Мазкур ҳолат юзасидан гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ жиноий ҳаракат содир этган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлар ҳақида бефарқ бўлмасликка чақирмоқда. Бундай маълумотга эга бўлган фуқаролар «Stopnarko_bot» Telegram боти ёки экранда кўрсатилган ишонч телефон рақамлари орқали хабар беришлари мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг