Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркиядан қайтган аёл мурожаатига Бош прокуратура муносабат билдирди

Туркиядан қайтган аёл мурожаатига Бош прокуратура муносабат билдирди

Яқинда Тошкентлик Н. Т. (аёл) 2014 йилнинг ёз ойларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг босимидан чўчиб, Қирғизистон орқали Туркия Республикасига чиқиб кетишга мажбур бўлгани, Ўзбекистондаги юз бераётган ижобий ўзгаришлар сабаб юртга қайтгач, умидлари пучга чиқиб, жиноий таъқибга ҳамон учраётгани мазмунидаги гаплар билан ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилганди.

Бош прокуратура матбуот хизмати Н. Т.нинг мурожаатига ҳуқуқий ойдинлик киритиши асносида қуйидагича муносабат билдирди.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг Xabar.uz'га маълум қилишича, Тошкент шаҳар Сергели туманида истиқомат қилган Н.Т. 2014 йилнинг ёз ойларида номаълум шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, айланма йўллар орқали Қирғизистон Республикаси ҳудудига ўтиб, сўнг Туркия давлатига учиб кетгани рост. Унинг бундай йўл тутишига сабаб қилиб кўрсатган важларига келсак, 2014 йил 23 июл куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган «Комплекс» тезкор профилактик тадбир жараёнида Н.Т. ижарада яшаб келган хонадон кўздан кечирилиб, 20 дона диний мазмундаги адабиётлар, А4 форматдаги 386 та варақ, 24 дона CD дисклар топилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг тегишли хулосасига кўра, мазкур ашёлардаги матн ва маълумотлар диний ақидапарстлик ғоялари билан йўғрилганлиги аниқланган. Шундан келиб чиқиб, Н.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Сергели тумани ИИБ ТБга юборилган. Бундан ташқари аёлнинг республика ҳудудидан қонунсиз равишда чет элга чиқиб кетгани эътиборидан унга нисбатан 223-моддаси (Белгиланган тартибни бузиб чет элга чиқиш ) 2-қисми «б» билан ҳам жиноят иши қўзғатилган. Ҳар икки модда билан Н.Т.га айб эълон қилиниши ортидан унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, унга сиртдан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шу йилнинг 10 февраль куни Н.Т. Истанбул шаҳридан Тошкентга «Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома» билан (вояга етмаган уч нафар фарзандларини олиб) қайтган пайтда пойтахт халқаро аэропортида қўлга олинади. Бунинг изоҳи шуки, ўша пайтда унга нисбатан сиртдан чиқарилган «қамоққа олиш» эҳтиёт чорасини қўллаш қарори қонуний кучга бўлган. Бироқ, орадан икки кун ўтиб, прокуратура ташаббуси билан аёлга нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси «шахсий кафиллик»ка ўзгартирилган ва Н.Т. ҳибсдан озод этилган.

Аёлнинг юртга қайтганидан кейин ҳам жиноий таъқибга учраётгани мазмунидаги важлари унга нисбатан янги айблов эълон қилинганини билдирмайди. Балки аввал қўзғатилган ва қидирувда экани сабабли тўхтатилган мавжуд жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари қайта тикланганини англатади.

Айни пайтда жиноят ишининг Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 223-моддаси 2-қисми «б» бандига оид қисми ўз тасдиғини топгани, дастлабки тергов муддати ўтиб бораётгани ҳамда суд томонидан кўриб чиқилишига таъсир қилмаслиги боис уни (ишнинг шу қисмини) суд муҳокамасига юборилиши масаласи кўриб чиқилмоқда.

Жиноят ишининг 244-2-моддасига оид қисми бўйича етарли далиллар тўплашни имкони бўлмагани, бироқ Н.Т.ни айни шу жиноятда айбланаётган бошқа фуқаролар билан фаол муносабатда бўлганига оид маълумотлар мавжуд. Уларга фақат тергов йўли билан аниқлик киртилиши мумкин. Бу борада тегишли процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг