Кончилар ҳаёти, чўлда қолган машина ва шаффоф тизим. «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятига бир назар

Кончилар ҳаётида ўзига яраша машаққат билан бирга қизиқарли жиҳатлар ҳам кўп бўлади. Айтайлик, илгари кондан хабар олиш учун йўлга чиққан мутахассис бўлсин, ёки ҳайдовчи, албатта ўзи билан бир кунлик нон ва сув олиши шарт бўлган. Чунки билиб бўлмайди, чўлнинг ўртасида машина бузилиб қолса, ёрдам етиб келгунча жон сақлаш керак. Бунга ўхшаш муаммолар бир талай эди.
Технология ривожлангани сари бундай ҳолатлар ҳам барҳам топди. «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбари Меҳриддин Абдуллаев ташаббуси билан Қашқадарё вилоятига ташкил этилган пресс-тур давомида журналистларга шунга ўхшаш бир қатор қизиқ жиҳатлар билан танишиб олдилар.
ОАВ ходимлари энг аввало Шўртан НГҚЧБ фаолияти билан танишдилар. Аслида, бояги муаммонинг барҳам топиши ҳам шу ердан бошланган, бу ердаги диспетчерлик хонасидан бутун корхона ва унга тегишли объектлар кафтдагидек кўриниб туради. Рақамли технология шарофати билан нафақат барча автомобиллар рақамли технология орқали кузатиб турилади, балки ҳар бир кон ҳам кузатув остида. Энди чўл ўртасида бузилиб қолган машинада суткалаб қолиб кетиш хавфи йўқ. Аксинча, ҳар бир автомобил қаерда, нима билан машғул, қанча тезликда юрибди, диспетчер билиб туради.
Масалан, кўз ўнгимизда Тошкент вилояти, Қибрай туманига юборилган автомобил нима билан машғул эканини кўрсатиб беришди — омборда ташкилотга тегишли юкни юкламоқда. Бунақа мисоллар жуда кўп, энди ҳайдовчилар ортиқча ҳадиксиз йўлга чиқиб кетиши мумкин.
Ёрдам керак бўлса, дарҳол етказиб берилади, тезликни ошириб, йўл ҳаракати қоидасини бузса, марҳамат қилиб жаримани тўлаб қўйсин. Яъни, аввал бўлганидек бемалол давлатнинг машинасини миниб, шахсий ишларни битириб юриш мумкин эмас.
Умуман, пресс-тур давомида эшитганларимиз кўп қизиқ бўлди. Масалан, илгари бир-икки ноинсоф ҳайдовчилар пропан ташийдиган махсус юк машиналари цистернасига сув солиб, ташкилот ҳудудига кирган экан. Нима учун? Чунки заводга киришда машина тарозига тортилади ва оғирлиги аниқланади. Маҳсулот ортиб, қайтиб чиқишида яна ўлчанади ва автомобилнинг бирламчи оғирлигидан ортиқча чиққанича пропан ҳисобланади.
Ноинсоф ҳайдовчилар ташкилот ҳудудига кириб олгандан сўнг махсус идишдаги сувни тўкиб ташлаб, шунча миқдорда пропанни олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилишган. Аммо диспетчерлик хизмати уларнинг ҳар бир қадамини кузатиб тургани туфайли, маҳсулот талон-тарож бўлишдан сақлаб қолинади.
Шаффоф тизим нафақат йўлда ташилаётган маҳсулот, балки қувурдан келаётган газ миқдорини ҳам текшириб туради. Улкан мониторлардаги рақамлар эса қайси конда иш қандай кетаётганини кўрсатиб беради.
Шу тариқа «Ўзбекнефтгаз» АЖ ташкилотларида шаффоф тизим йўлга қўйилган. Ҳеч нарса назардан четда қолмайди.
PS: Дарвоқе, Шўртан НГҚЧБ сари йўл кетиш асносида ҳар икки четга қатор экилган кўчатларга кўзимиз тушди. Бизга хабар қилинишича, бу ташабус ҳам «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан амалга оширилган экан.
Насиб қилса, бу кўчатлар қуюқ дарахтзорга айланса, сайр қилишли, ажиб бир гўша бўларкан. Ўша кунларга етказсин...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter