Ташқи геосиёсий вазиятнинг Ўзбекистондаги инфляцияга таъсири қандай бўлмоқда?
Марказий банк бошқаруви йиғилишида ташқи геосиёсий вазият, яъни Россия ва Украина уруши Ўзбекистондаги инфляцияга қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақидаги саволга жавоб берилган.
«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инфляция даражаси пасаювчи динамикага эга бўлди. Хусусан, 2021 йил якуни бўйича инфляция даражаси 10 фоизгача пасайган бўлса, жорий йил март ойи якунида йиллик 10,5 фоизга тенг бўлди. Марказий банк пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш режимига ўтказиш доирасида инфляция даражасини 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтиришни мақсад қилган. Жаҳон бозорида озиқ-овқат товарлари, энергия ресурслари ва хомашёлар нархининг қимматлашиши импорт инфляцияси орқали бизга ҳам ўз таъсирини ўтказади, албатта», дейилади жавобда.
Айтилишича, йил бошида амалга оширилган макроиқтисодий прогнозларда йил якуни бўйича инфляциянинг 8-9 фоизгача пасайиши кутилган. Бироқ юзага келган ташқи хатарлар ва ноаниқликлар фонида Марказий банк инфляция даражасининг 12-14 фоизгача тезлашиши мумкинлигини ҳамда 2023-2024 йилларда бир маромда пасайиб бориши прогноз қилмоқда.
«Бундай шароитда Марказий банк иқтисодиётда қатъий пул-кредит шароитларини таъминлаш орқали монетар омилларнинг инфляция даражасига таъсирини минималлаштириш ва ўрта муддатли истиқболда (2023 йилнинг охири ва 2024 йилнинг биринчи ярмида) инфляцияни ўзининг мақсадли кўрсаткичига (5 фоизлик таргетига) қадар пасайтиришга асосий эътиборни қаратади», дейилади Марказий банк расмий изоҳида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter