Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Водийлик деҳқонлар Қашқадарёга ишга таклиф қилинди

Водийлик деҳқонлар Қашқадарёга ишга таклиф қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳафта ўртасида Қашқадарёга қилган ташрифидан сўнг вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши суст экани танқид қилган эди. Вилоят ҳокими Зоир Мирзаев «Пресс-клуб» кўрсатуви вақтида қишлоқ хўжалигидаги муаммолар ҳақидаги саволга жавоб берди.

— Қашқадарёда 1 триллион сўм пул сарфланиб, далаларга сув берилган. Вазият шу даражага бориб етганки, меъёрдан ортиқ суғорилиши натижада ер деградацияга учраб, шўрланиш даражаси ошиб кетган. Ҳозир вилоятда 40 фоиз ер шўрланган. Томчилаб суғориш эса бор йўғи 2.4 фоиз ерда мавжуд холос. Энг ёмони — Қашқадарёда 1 йилда суғориш учун 5 миллиард куб сув сарфланиб 95 миллион АҚШ долларилик экспорт амалга оширилган. Таққослаш учун Фарғонада 2 миллиард куб сувдан олинган ҳосил 500 миллион долларлик экспортга етарли бўлди. Қашқадарёда шунингдек пахта ҳосилдорлиги ҳам паст. Айтайлик, шунча оғир шароитдаги Қорақалпоғистонда бир гектар ердан 17 центнер пахта олинган, Қашқадарёда 19 центнер ҳосилдорлик қайд этилди. Қачонгача фақат пахта экилади? Ернинг ҳолатидан келиб чиқиб, полиз-сабзавот етиштиришга йўналтирилса бўлмайдими?
— Бу жуда оғриқли масала. Бизда аксарият ерлар асосан насос билан суғорилади. Қашқадарёдаги чўл ерларини ўзлаштириш ўтган асрнинг 70 йилларда авж олган ва дренаж тизими ҳам ўша даврдан қолган. Шўр ювиш тизими баъзи жойларда жисмонан, баъзи ерларда эса нотўғри эксплуатация туфайли ишдан чиққан. Натижада шўрланиш даражаси кўтарилиб кетди. Биз тизимни замонавийлаштиришимиз керак.

Томчилаб суғоришга келадиган бўлсак, келаси мавсум 27 минг гектар ерга янги технология жорий этилади. Бу эса вилоятдаги ҳайдаб, суғориладиган ерларнинг 12 фоизини ташкил этади. Буларнинг барчасига қанча субсидия ва кредит олинади, ҳисоблаб чиқилган. Биз қишлоқ хўжалигида шундай маҳсулот етиштиришимиз керакки, деҳқонга манфаат бўлсин. Пахта самарасиз бўлган ерларни полиз ва боғдорчиликка йўналтирамиз. Масалан, вилоятга бир йиллик истеъмол учун 176 минг тонна картошка керак. Биз ҳозир 79-80 минг тонна етиштирмоқдамиз.

— Вилоятнинг экспорт салоҳияти нима учун паст бўлиб қолган?
— Экспортнинг икки шарти бор. Биринчиси маҳсулот сифати, иккинчиси бозорни топиб, унинг буюртмаси асосида ишлаш салоҳияти. Бунинг учун эса логистика керак. Ҳозир бизда катта имкониятлар бор. Масалан, йиллар давомида ёпиқ бўлган Хитой бозори ҳозир мош учун очилган. Бунинг қадрига етишимиз керак. Биз олиб бораётган ишлар замирида илм йўқ, деҳқончиликда илм-фандан фойдаланишни билмаймиз. Илмий текшириш институтлари бор, аммо ким улар билан ҳамкорлик қиляпти, деган саволнинг жавоби йўқ. Олимлар биз билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдорми, буни ҳам ўйлаб кўришимиз керак.

Биз вилоятни иқтисодий-ижтимоий ривожланишини кучайтиришни истаймиз. Бу борада водийнинг тажрибаси анча катта. Биз Фарғона ва Намангандан деҳқонлар, иссиқхона юритадиган тадбиркорлар ва томчилаб суғориш бўйича мутахассисларни Қашқадарёга таклиф қиламиз, марҳамат, келиб шу ерда ишлаб, бизга ҳам ўргатишсин. Бунинг учун керакли шароит яратиб берамиз, — дейди Зоир Мирзаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг