Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бедарак йўқолган миллионерлар

Бедарак йўқолган миллионерлар

Дунёда ҳар куни минглаб одамлар йўқолади. Агар ғойиб бўлган инсон миллионлаб доллар баҳоланса, бу – вазият янада оғир, дегани. Қанчалик ҳайрон бўлманг, мазкур ҳолат тез-тез рўй беради. Аксар ҳолларда эса бедарак йўқолган миллионерларнинг сирини очиб бўлмайди.

Ёши олтмишга борганда...

Дон Льюис миллионларини ўзининг оғир меҳнати билан ишлаб топди. У улкан миқдорда нақд пулларга эга бўлса-да, эски кийимда юрар, андак ғалати йигит эди. Льюис кўчмас мулк, юк ташиш ва бир талай корхоналар орқали пул ишлаб топди. У ва хотини Кэрол Флорида штатининг Тампа шаҳридаги 140 акрдан иборат ерни 200 та йўлбарс, пума ва арслонлар учун бошпанага айлантирдилар.

1997 йил августида Кэрон олтмиш ёшли эрининг бедарак йўқолгани ҳақида хабар қилди. Эртаси куни Дон Льюиснинг калити ичкарида қолган ва салони қулфланган фургони аэропортдан топилди. Аниқланишича, Льюис ғойиб бўлишидан икки ой аввал уйдаги нотинчлик туфайли хотинининг устидан судга ариза берган экан. Кэрол уни отиб ўлдиришини айтиб пўписа қилган эмиш!

Льюиснинг биринчи никоҳидан туғилган уч нафар қизи отаси йўқолганига Кэролни айбдор деб топишди, ҳатто полициядан ҳайвонлар бошпанасидаги гўшт қиймалагични текшириб кўришни таклиф қилишди. Кэрол эса миш-миш гапларни бемаъни ҳисоблаб шундай деди: «Менинг йўлбарсларим одамларни эмас, гўшт ейди». У эрини кўчмас мулки мавжуд бўлган Коста-Рикага қочиб кетган деб ҳисоблайди.

Кема бор, эгаси йўқ!

2012 йилнинг июнида 35 ёшли нефть ва газ магнати Гума Л.Агиарга тегишли балиқчилик кемаси Флорида штати Форт-Лодердейль шаҳри ёнидаги қирғоққа чиқариб ташланди. Двигатель ишлаб турар, сигнал чироқлари ҳам ёқилган эди. Агиарнинг ён дафтарчаси ва қўл телефони бортдан топилди, футболка ҳамда бир жуфт пойафзал эса кема саҳнида эди. Жасадни излаш билан боғлиқ ишлар самара бермади, Гума ҳақида ҳеч қандай маълумот тушмади.

Келиб чиқиши бразилиялик бўлган ушбу мультимиллионернинг йўқолиши билан боғлиқ кўплаб овозалар тарқалди. Агиар маълум вақт психиатрия шифохонасида даволанган, унинг қонунчилик билан боғлиқ муаммолари бўлиб, ўзи ажрашиш арафасида эди. Гап шундаки, хотини Жейми Агиар унга уйланганидан сўнг пул ишлаб топа бошлаганини таъкидлаб, никоҳ шартномасини ҳужжатлаштирмоқчи эди. Агиар ўзининг 100 миллион долларлик мол-мулкини асраб қолиш учун атайин ғойиб бўлган. Бу фаразни синглиси ва яқин ҳамкорининг Нидерландияга кўчиб боргани ҳам тасдиқлайди. Айтишларича, Агиар қочиб кетиб ўша ердан паноҳ топган.

Ўн тўрт йиллик сир

Бой оилада туғилган Камилла Лайман Массачусетс штатидаги ўзининг 2,1 миллион долларлик қўрғонида чемпион този итларни парваришлаш билан машғул эди. Фаолиятининг дастлабки кезларида у исмини ҳуқуқий жиҳатдан Кэм деб ўзгартирди ва эркаклардек яшай бошлади.

1987 йили 54 ёшли Кэм Лайман нақд пуллари, кийим-кечаклари ва қимматбаҳо буюмлари билан йўқолганида операция орқали жинсини ўзгартириш учун Европага кетди деб ҳисоблашди. Уйга қаровчи Жорж О’Нил унинг ғойиб бўлганини ошкор қилмади ва итлар ҳамда рўзғор ишлари билан шуғулланишни давом эттирди. Қолаверса, Жорж О’Нилда Лайманнинг ишини юритишга доир ишончнома бўлиб, васиятнома бўйича бенефициар ҳисобланарди.

Лайманнинг жасади ғойиб бўлганидан ўн йил ўтгач, уйи ёнидан топилди. Унга ўқ узилган, мурдаси цемент ва шлак қоришмаси билан кўмиб ташланган эди.

Бу ишга дахлдорлигини қатъиян рад этган Жорж О’Нил қотилликда айбланмади. Фақат кейинроқ Лайманнинг уйида ўғрилик қилган деб топилди. Миллионер аёлнинг ўлими эса ҳали-ҳануз жумбоқлигича қолаётир.

Дала йўлидаги довдир

Ирландиялик бу йирик кўчмас мулк эгаси Кевин МакГивер йўқолганидан саккиз ой ўтгач, дала йўлида тентираб юрганида топилди. У озиб кетган, довдираган қиёфада эди. Полицияга айтишига кўра, 68 ёшли Кевин МакГиверни тўппонча ўқталиб ўғирлашган ва транспорт контейнерида сақлашган.

Бироқ полиция батафсил сўроқ қилгач, сирлар очила бошлади. Охир оқибатда Кевиннинг мамлакатдаги чекка ҳудудлардан бирида истиқомат қилгани, ўғрилик тарихини эса молиявий босимдан қочиш учун ўйлаб топгани аён бўлди.

МакГивернинг бизнеси касодга учраган, ундан Дубай ва Германиядаги кўчмас мулклар билан боғлиқ товламачиликда шубҳалана бошлагандилар. МакГивер ўзини ўғрилаб кетишга оид жиноят собиқ мижозларининг пулларни талаб қилмаслигига сабаб бўлади, деб ишонган эди. У вақтни кетказгани ва ёлғон кўрсатма бергани боис ҳибсга олинди.

Уйланди ва дабдурустдан…

Боб Хэрроуд 81 ёшида уйланди ва кутилмаганда Калифорниядаги ўзининг уйидан ғойиб бўлди. Ўшанда 2009 йил июль ойи эди. У янги хотинининг келишига тайёргарлик кўраётган, бу борада куёви Жефф Майклс ёрдам бераётганди. Маҳсулот олиш учун шаҳарга бориб қайтган Майклс Хэрроднинг рўзғор ишларини юритадиган аёл ташқаридан қулфланган уй олдида турганига гувоҳ бўлди. Қайнота ҳеч қаерда йўқ! Хэрроднинг ён дафтарчаси ва калити ҳам ғойиб бўлган, аммо автомобили уй ёнидаги йўлда эди.

Гарчанд Хэррод кексайиб қолган ва кўриш қобилияти яхши бўлмаса-да, йўқолиши сабабини изоҳлаш мумкин бўлган қариликдаги ақли заифлик ёки тиббий хасталикдан азият чекмасди. Унинг банкдаги ҳисоби ёхуд кредит картаси орқали маълумот олишнинг иложи топилмади. Хэррод мультимиллионер ҳисобланса-да, васиятномасига янги хотини учун ҳали ҳеч нима ёзилмаган эди.

Айтишларича, охирги пайтларда Хэррод ўзининг қизлари билан пул борасида кескин гаплашган. Қолаверса, дўстларидан бири йирик миқдорда қарз олиб, қайтариб бермагани қарияни ташвишга мубтало қилган. Бироқ Хэрроднинг дўсти, қизлари ва куёвидан барча гумонлар олиб ташланди.

Саёқ юрсанг...

2010 йил январда Австралиянинг Мельбурн шаҳрида истиқомат қилувчи миллионер ва бизнесмен Герман Рокфеллер хизмат сафаридан қайтиш пайтида йўқолди. Бир неча кундан сўнг 51 ёшли миллионернинг автомобили ташландиқ ҳолда топилди. Унинг банкдаги ҳисоби ва мобиль телефони ҳеч нимани англатмади. Рокфеллерни охирги марта дўкон ва автомобили турган оралиқ жойда кўришган, бошқа маълумот йўқ.

Саккиз кун ўтгач, миллионернинг ёқиб юборилган танаси чиқиндиларга тўлиб-тошган орқа ҳовлидан топилди. Рокфеллернинг бегона одамлар билан хуфёна учрашиб тургани ойдинлашди. Қотиллик рўй берган куни у Марио Шембри ва Бернардетт Денни билан учрашган. Бу одамларнинг Рокфеллерни нима сабабдан ўлдиришгани номаълум.

Собиқ адвокатнинг ҳалокати

Келиб чиқиши рус бўлган Леонид Рожецкин америкалик адвокат эди. У бир нечта корхоналарга таваккал қилиб пул тикиб ва бойиб миллионларнинг эгасига айланди. 2008 йили Рожецкин Латвиянинг курорт шаҳри – Юрмаладаги муҳташам вилласида ғойиб бўлди. Ундан қон ҳалқоби қолган эди, холос.

Рожецкиннинг йўқолиши билан боғлиқ кўплаб тахминлар борки, мазкур фаразлар ўғриланишидан тортиб ўлдирилишгача бўлган саҳналарни қамраб олади. Уни сўнгги бор икки нафар эркак билан кўришган. Учовлон таксидан тушиб, тунги клубга борган. Онаси бундай гап-сўзларни кескин рад этди. Хоним таъкидлашича, ўғли рус агентлари томонидан ўлдирилган, сабаби, Рожецкин мамлакатдаги порахўрликни йўқ қилишга киришган экан.

2012 йили Юрмаладаги ўрмондан топилган жасад қолдиқлари собиқ адвокатга тегишли эканлиги ДНК орқали аниқланди. Унинг ўлими сабаби эса ҳозиргача сирлигича қолмоқда.

Тунги клубда ғойиб бўлган йигит

Қирқ ёшли Мо Живани меҳмонхоналар эгаси сифатида иш юзасидан учрашув ўтказиш учун Торонтога кетди. Ўшанда 2006 йил эди. Кейин уни ҳеч ким кўрмади.

Живанига тегишли «Мерседес» автомобили шаҳарнинг камбағаллар яшайдиган қисмида, стриптиз-клуб ёнидан топилган. У йўқолгунига қадар клубга ташриф буюргани айтилади, бироқ мазкур маълумот сира тасдиқланмади. Живани илгари тўрт кун йўқолган ва, айтишларича, кокаин истеъмол қилган.

Эрининг жони эвазига талаб қилинган 80 минг долларни хотини тўлади. Аммо пуллар ҳам, Живани ҳам қайтарилмади. Унинг қаерда эканлиги ҳозиргача номаълум. Гап-сўзларга кўра, дўқ-пўписа йўли билан пул ундиришни танишлар уюштиришган.

Спортчидан қолган рекордлар

Стив Фоссетт фонд биржаси орқали бойлик орттирган тадбиркор бўлган. У саргузаштлар ишқибози ва самолёт, елканли қайиқ спорти, ҳавода учиш бўйича 116 мартадан кўп марта жаҳон рекордини ўрнатган спортчи ҳам эди. Фоссетт дунё бўйлаб ҳаво шарида мустақил учишни биринчи бўлиб амалга оширган одам ҳисобланган.

У 63 ёшида бедарак йўқолди. Мазкур воқеа 2007 йил сентябрида Калифорниянинг Сьерра-Невада шаҳри тоғларида якка тарздаги парвоз пайтида рўй берган. Миллионернинг ғойиб бўлиши АҚШ тарихида бир кишини излаш билан боғлиқ машаққатли қидирувга мажбур қилди. Бироқ Фоссет ҳам, самолёти ҳам топилмади.

2008 йилнинг февраль ойида Стив Фоссетт ўлган деб расмий равишда эълон қилинди. Ўша йили октябрь ойида пиёда саёҳатчи томонидан Фоссеттнинг самолёт қолдиқлари топилди. ДНК-тестлар орқали суяклар Стив Фоссеттга тегишли эканлиги айтилди. Унинг дунё миқёсидаги олтмишта рекорди ҳозиргача янгилангани йўқ.

Ўтган асрдаги сир

Магнат Эмброуз Смоллнинг 1919 йили ғойиб бўлиши Торонтодаги энг кўҳна сирлардан бири ҳисобланади. У фаолиятини дарбонликдан бошлаган, кейин қирқ йил давомида театр империясига асос солган ва бойиб кетган эди. 1919 йилнинг 1 декабрида Смол бизнесини 1,7 миллион долларга сотди ва пулни ўзининг банкдаги ҳисобига қўйди. Эртаси куни у кабинетидан чиқди ва нафақат хотини, балки ҳозиргина олган улкан миқдордаги пулларини ҳам қолдирганча изсиз ғойиб бўлди.

Смалл қимор ўйновчи, хотинбоз ҳамда шафқатсиз бизнесмен сифатида танилган эди. Унинг йўқолиши, айниқса, хотини Тереза 50 минг доллар мукофот эълон қилгач, шов-шувга айланиб кетди. Шунга қарамай, Смалл учун тўлов талаб қилинмади, миллионернинг жасади ҳам топилмади.

Йўқолганининг дастлабки йилларида Эсмброуз Смоллни Лондон, Франция, Мексика ва Жанубий Америкада кўришгани ҳақида хабарлар тарқалди, аммо мазкур маълумотларнинг бирортаси ҳам тасдиғини топмади.

1923 йили Эмброуз Смолл ўлган деб эълон қилинди, 1960 йили эса иш расман ёпилди. Орадан ўн йил ўтгач, Эмброуз Смолл арвоҳи Лондондаги севимли «Гранд» театрига ташриф буюрган дейишади. Театр меросига қўшган ҳиссаси инобатга олиниб, унинг сурати фойедан жой олган.

Акбар Фатхуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг