Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким: «Икки-уч йилда ёшларни эплаб оламиз»

Ҳоким: «Икки-уч йилда ёшларни эплаб оламиз»

Фото: Xabar.uz

Шофиркон кенг имкониятларга эга. Буни туман ҳокими Шукурулло Ҳакимовнинг ўзи бир неча бор таъкидлаб ўтди. Аммо ҳамма гап шундаки, мана шу «кенг имкониятлар»га қарамасдан туман ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар бўйича қолоқ ҳудудлардан бири бўлиб турибди. Шофиркон туман Халқ депутатларининг навбатдаги кенгашида айнан шу масала кўриб чиқилди ҳамда Ш.Ҳакимовга журналистлар ва депутатлар қатор саволлар билан мурожаат қилишди.

— Шофиркон тумани қолоқ ҳудудлар сирасига тушиб қолганига изоҳ бериб ўтадиган бўлсам, ўндан ортиқ бандларга кўра режани бажара олмаганмиз. Буларнинг барчаси ўзимизнинг камчиликларимиз. Шахсан ўзим 2020 йилнинг февралида туманга ҳоким бўлиб келдим, аммо шунга қарамасдан, ўтган йилги кўрсаткичлар бизники эмас, деб ўтирмасдан, мавжуд муаммоларни тўғирлашга ҳаракат қиляпмиз. Ваъда бериб айтаманки, 2020 йилнинг якунига қадар сариқ ҳудудга, 2021 йилнинг биринчи ярмида эса яшил ҳудудга ўтамиз. Туманнинг экспорт салоҳиятини ошириб, аҳоли жон бошига 100 долларга олиб чиқишга қурбимиз етади.

Эътиборсизлигимиз, муаммолар ичига кирмаганимиз боис қолоқ ҳудудга айланиб қолдик. Аммо хатоларни тўғирлашга ваъда берамиз. Бунинг учун имкониятларимиз ҳам, табиий бойликларимиз ва саноат ишлаб чиқариши ҳам етарли. Тўғри, туманда тадбиркорликни ривожлантириш учун электр энергияси бўйича муаммолар бор. Бизда тўртта подстанция мавжуд, аммо уларнинг барчаси охирги марта ўтган асрнинг 70-80 йилларида таъмирланган. Агар шуни янгилаб оладиган бўлсак, бошқа муаммомиз қолмайди. Шофирконда фермерлар ҳам ер остидан сувни насослар орқали тортиб олиб деҳқончилик қилади. Электр муаммосини ҳал қила олсак, иш бошлашга тайёр бўлиб турган инвесторлар етарли.

— Нима учундир Шофиркон туманидан ҳафтасига камида иккита мурожаат келади. Аҳолининг маиший муаммолари бу қадар кўпайиб кетишига сабаб нимада? Одамлар ишончини ҳоким сифатида қанчалик оқлаяпсиз?
— Мурожаатларни чеклаб қўйиш мумкин эмас. Давлат раҳбари ҳам очиқлик сиёсатини талаб қилмоқда. Очиғини айтсам, мана шундай мурожаатлар менга ҳам ёрдам беради. Гарчи ҳоким бўлсам ҳам ҳамма жойни бирдек кузата олмайман. Айтайлик, тумандаги 45-мактабнинг ўйингоҳи экин майдонига айлантирилгани ҳақида шикоят келди. Атайлаб бориб кўрдик. Шу ўринда бир гап — мактабларга катта стадион нимага керак? Катта-катта ўйингоҳларни ажратиб қўйганмиз, аммо на мактаб ўқитувчилари ва на директор унга қарашни уддалай оляпти. Одамларни олиб чиқиб, тозалайдиган бўлсак, мажбурий меҳнат бўлиб қолади.

— Мактабга катта стадион нимага керак, деяпсиз, аммо қабул қилинган таълим стандартларига кўра ҳар бир мактабда албатта сиз айтгандек улкан стадион бўлиши шарт. Боз устига стадионлар ижтимоий соҳа объектларига ҳам киради.
— Тўғри, аммо ўша стадион мактаб балансида турмайди. Умуман, уни стадион деб ҳам бўлмас эди. Одамлар шунчаки ўзлари ўйингоҳга айлантириб олишган.

— Туман ёшларини қийнаётган муаммолардан қанчалик хабардорсиз. Ўша муаммолардан учтасини айтиб бера оласизми?
— Бизга ёшларимиз турли соҳаларда мурожаатлар қилишади. Яқинда қабул ўтказдим ва фуқаролар билан мулоқот қилдим. Қабул давомида 7 талаба шартнома пулини тўлаб беришни сўради. Уларга таълим кредити беришимиз мумкинлигини айтдим, аммо шуни тўлашга ҳам қурби етмас экан.

Энди мактаблар ва директорларнинг рейтинги битирувчиларнинг ОТМларга киришига қараб белгиланади. Бу жуда тўғри қарор бўлди. Ҳозир ёшларимиз мактабни битирсаму, Россияга ишлагани кетсам, дея орзу қилади. Чунки қайсидир қўшниси ишлаб келган ва машина олган. У ҳам бир йил ишлаб, машина минишни истайди. Биз ёшларни ўзимизда олиб қолишга ҳаракат қилишимиз лозим. Шу мақсад йўлида турли лойиҳаларни ишга туширмоқдамиз. Бир йил десам нотўғри бўлар, икки-уч йилда ёшларни эплаб оламиз. Энг оғири — уларни иш билан таъминлаш. Бунинг учун мунтазам равишда ҳаракатдамиз.

— Шофиркон туманида бир қатор лавозимлар вакант турганини кўрдик. Кадрлар қўнимсизлигига сабаб нимада? Улар сизнинг талабингизга жавоб бера олмаяптими?
— Шахсан ўзим бир кунда камида 9-10 километр пиёда юраман. Чунки аҳолининг ичига кирмасам, муаммони билмайман. Афсуски ҳамма кадрлар ҳам бирдек юра олмаяпти. Шу боис баъзи вакант жойлар дарҳақиқат юзага келган.

Яна бир сабаб — инвестиция бўйича ўринбосарим ҳам ишини уддалай олмагани туфайли ариза ёзиб, ишдан бўшади. Қурилиш бўйича ўринбосар билан эса шундай ҳолат рўй берди — туманимиздаги бозорда янги иншоот қурила бошлаган. Суриштириб кўрсак, ҳоким қарорига кўра қурилаётган эмиш. Аммо ҳужжатлар кўтарилгач, бозор қўмитаси қанақадир ҳужжат тўғирлаб бергани аниқ бўлди. Ҳозирда қурилиш бўйича ўринбосарликка лойиқ деб топилган бошқа номзод кўриб чиқиляпти.

— Нима учун ён-атрофдаги туманларда саноат ишлаб чиқариши кучайиб, иссиқхоналар қуриляптию, Шофирконда бунақа ташаббусларни кўрмаяпмиз?
— Биз ҳам иссиқхоналар қуришни истаймиз. Бу бўйича иш ҳам бошланган. Шахсий ташаббусимга кўра 30 гектар ерда тадбиркорлар иссиқхона қуриши учун қарор чиқариб бердим. Аммо бунинг учун Жанубий Кореядан ва Хитойдан ускуналар олиб келиш керак. Бу ёғи энди маблағга бориб тақалади ва банклар орқали ҳал бўлади. Албатта банклар билан алоқада бўлиб, илтимос қиляпмиз. Бироқ ҳозирча самара бергани йўқ. Агар шу ерда ўтирганлардан кимдир бизга ёрдам бера олса, бош устига, раҳмат айтган бўлардик.

— Туманда тариқ етиштирилади. Яқинда деҳқонлар тариқни кластерларга сотишга мажбур қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Туманда буғдойдан бўшаган 2365 гектар майдонга тариқ экилган эди. Сув танқислигига қарамасдан ерларни фермерларга ажратиб бердик ва улардан ҳосилни «Томорқа хизмати» ёки экспортер фирмалар билан келишиб, ўзлари истаган нархда сотишларини сўрадик. Биз нархига аралашмадик, шунчаки «маҳсулотингизни кўчада арзон-гаровга пуллагандан кўра экспортерларга сотинг», деб илтимос қилдик. Умумий ҳисобда 7 500 тонна тариқ етиштирилган эди. Ўша ҳосилни икки доллардан экспорт қилганимизда ҳам туманга қанча наф келтирган бўлар эди. Аммо фермерлар норози бўлишди ва бозорга чиқаришни маъқул кўришди. Шундан сўнг биз улардан фақат бир нарсани талаб қилдик — тушумни солиқ статистикасига киритиш. Бу талабимиз қонунийми ёки ноқонуний? Қачонгача соядаги иқтисодиёт гуллаб-яшнайди? Қолаверса катта миқдордаги тариқ бозорга чиққандан сўнг нарх ҳам тушиб кетди. Биз айтган тадбиркор бир килограммини 1700 сўмдан олаётган эди, бозорда 800 сўмга тушиб қолди. Натижада тадбиркорнинг ўзи фермерлар таклиф этаётган тариқни олишдан кўра, бозордан харид қилишни маъқул кўрмоқда.

Эслатма: Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, ҳар йили ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланганлик бўйича рейтинглари эълон қилиниши кўзда тутилган. Рейтинг тузишда янги иш ўринларини яратиш, ишсизликни камайтириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш кабиларга алоҳида эътибор қаратилади.
Рейтинг асносида кўрсаткичлари ўта паст бўлган туманлар «қизил», ўртача натижа қайд этганлари «сариқ» ва яхши иш олиб борилган туманлар «яшил» ҳудуд сифатида белгилаб олинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг