Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наманганлик уста Россияга кетишдан кўра Навоийда ишлашни маъқул кўрмоқда

Наманганлик уста Россияга кетишдан кўра Навоийда ишлашни маъқул кўрмоқда

Муроджон Мўминов Намангандан Навоийга келиб ишлайди. Албатта уйидан узоққа бориб пул топмоқчи бўлганлар учун бу унчалик ҳам оммалашган йўналиш эмас, ҳар ҳолда водийдан Навоийга келгунга қадар пойтахт Тошкент босиб ўтилади, яна 4-5 та вилоят бор. Қолаверса, Россия ва бошқа ўлкалар турганда, Навоийга келиб ишлашдан нима наф?

Ҳаммаси жуда оддий. Муроджон Мўминов «Barqaror group» корхонасида шунчаки ишчи эмас, балки иш ўргатувчи мутахассис сифатида фаолият олиб боради. Яхши биламиз, Наманган вилояти кичик бизнес ва ишлаб чиқариш соҳасида анча олдинги ўринларда туради. Навоийда эса бу соҳа энди ривожланиб келмоқда. Масалан, «Barqaror group» таркибига кирувчи «Barqaror Shoes»да 28 киши ишлайди. Муроджон ака ўзи ҳам пойафзал тайёрлайди, бошқаларга ҳам ўргатади.


Шунингдек «Barqaror Shoes»да «Темир дафтар»га кирган оила вакиллари ҳам бор. Маҳалла томонидан 7 киши корхонага ишга жойланган. Энг муҳими — Навоийда ишлаб чиқилган оёқ кийимлари сифат жиҳатидан хориждан олиб келинган маҳсулотдан мутлақо фарқ қилмайди. Нарх томонлама эса, анча арзон.

Корхона мутасаддилари томонидан айтилишича, яқинда Навоийда «Barqaror group»нинг фирма дўкони иш бошлайди. Ўшанда вилоят аҳли учун арзон нархларда сифатли маҳсулот сотиб олиш имкони пайдо бўлади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлаш билан биргаликда, мамлакат ичида иш билан таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хориждан қайтганлар иш бошлаб олишлари учун давлат томонидан кредит берилмоқда ва бошқа шароитлар яратиляпти. Муҳими, ўша хорижда тўпланган тажриба юртимизда ҳам қўлланилса, ҳаммага наф келтирса бўлгани.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг