Қия очиқ эшикдан қараб... Озарбайжонлик шоира билан ижодий кеча ўтказилди
Кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати, давлат ва жамоат арбоби, журналист ва шоира Ганира Пашаева иштирокида ижодий кеча ўтказилди.
Ҳали тадбир бошланмасидан аввал уюшма ҳовлисида Ганира хонимнинг ўзбек дўпписида келаётганини кўрдим-у, кўнглимга ажиб бир ҳис югурди. Танимаган киши уни ўзбек, деб ўйлаши ажаб эмасди. Ўша вазиятда озар ва ўзбек халқларининг чиндан қондош эканига яна бир карра иқрор бўлдим.
Тадбирда шоиранинг «Оч эшикни...» номли шеърий китобининг ҳам тақдимоти бўлди. Ганира Пашаеванинг китобчага жамланган шеърлари севимли шоирамиз Хосият Рустамова томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Гарчи Ганира хонимнинг ўзи сўзга чиққанида: «Мен ўзимни шоир санамайман, шоир эмасман, шунчаки кўнглимга келганларини қоғозга тушириб қўяман», – деб камтарлик қилган бўлса-да, унинг ижоди анчайин баланд чўққиларни эгаллаб бўлган.
Тадбирда унинг ижодидан намуналар ўқилганда қулоғимга чалинган гўзал мисралар «Оч эшикни...» китобини тўла ўқиб чиқишга менда иштиёқ уйғотди. Мана ҳозир, шоира шеърларини ўқиб ўтирарканман, уларнинг сатрлари мени ҳайрат ва ҳаяжонга кўммоқда.
Китобдан энг биринчи шеър бўлиб жой олган «Руҳим қорабоғлидир»нинг илк бандиёқ ўқувчини ўзига ром этади:
Уйқуларим этилди тор-мор,
Сени кўролмаган у кундан буён.
На сендан у ёқда жаннат бор,
Жаннат йўқ на сендан бу томон.
Лирик қаҳрамоннинг уйқусини тор-мор этган, уни ўйчил, ғамчил ва бедор этган нима? Ҳижрон. Ватан ҳажри!
Банднинг сўнгги икки сатрига қаранг:
На сендан у ёқда жаннат бор,
Жаннат йўқ на сендан бу томон.
Лирик қаҳрамон Қорабоғ томон – Ватанга қарата: «Сендан нарида ҳам жаннат йўқ, сендан бериси ҳам жаннат эмас», – дейди. Ахир жаннат шу Ватаннинг ўзи-да!
Шеърнинг учинчи бандидаги:
«Яшаётган ўлимман –
Қорабоғ, сенсиз ишон!» мисралари одамни сескантириб юборади.
Ватансиз лирик қаҳрамон яшаётган ўлимга айланган. Бу ўлим қандай ўлим? У ўзининг ўлими. Ғурбат уни ўз-ўзининг ўлимига айлантириб қўйган. Аммо у яшаётган ўлим. Қачонки висолга – Ватан тупроқларига етишилса, барчаси барҳам топади. Ҳижроннинг, соғинчнинг бу шаклдаги ифодаси фақатгина шоира Ганирага хос бўлиши мумкин.
Шеърда яна шундай мисралар бор:
Эй, ичимда инграётган –
Оҳимдирсан, Қорабоғ!
Эй, муқаддас тупроғим,
Руҳимдирсан, Қорабоғ!
Бу сатрларни ўқирканман дафъатан жадид боболаримизнинг Ватан ҳурлигини истаб юрак қони билан битган шеърлари оҳанги хаёлимга келди.
Айтишим керакки, мен лирик қаҳрамон деётганим шоиранинг айни ўзи.
Китобчани олганимга ҳали кўп бўлмаганидан, тўлиқ ўқий олганимча йўқ. Қолаверса, биринчи шеърнинг ўзиёқ мени ўзига мафтун қилиб қўйди. Ундан нарисига ўтишга ҳали юрак бетламади. Аммо китобчани тўлиқ ўқиб, у ҳақдаги фикрларимни батафсилроқ ёзишни ният қилдим.
Шаҳзод Шодмон
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter