Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қорақалпоқ ва ўзбек миллатлари дўстлиги сўнмас» —  Ҳалима Жуманиязова

«Қорақалпоқ ва ўзбек миллатлари дўстлиги сўнмас» —  Ҳалима Жуманиязова

Ўзбекистон фуқаросиман. Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида туғилиб, ўн етти ёшимда орзуимдаги эртаклар шаҳри пойтахт Тошкентга келиб, таълим олганман.

Кўпинча исмингдан олдин, ватанингни сўрашади. Мен серқуёш юрт, меҳмондўст ва қадриятларимизни эъзозловчи, минглаб буюк алломалари билан дунёга машҳур Ўзбекистон номини фахр билан айтаман.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги ўрта мактабда ўқиганман. Мактабимиз директори Жумамурод оға Сарсенов қорақалпоқ миллатига мансуб бўлиб, оқкўнгил, самимий, қаттиққўл ва бағрикенгликда ва ҳақ гапни айтадиган жўмард инсон эди. Синфимизда ўқувчилар анча шўхроқ бўлганлиги сабабли фақат бизга рус тилидан дарс ўтганлар.

Ҳурмати шу қадар баланд эдики, танаффусдаёқ жойимизда ўнгланиб ўтирардик. Қорақалпоқ ва рус тилида гапирарди. Ҳатто ҳозир ўйласам эсимизга ҳам келмаган, ўзбек тилида гапирмаслиги. Шунингдек, физикадан, астрономия фанларидан Ҳосилбек, жисмоний тарбиядан Жўлдош Усенов ёки математика фанидан Каримбой Сариевлар ўз тилларида қорақалпоқ шеваларида дарслар ўтган. Ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз, бошқа миллат-ку деб.

Ҳа, бу айни ҳақиқатлар. Ўзбек, туркман, қозоқ, қорақалпоқ миллатига мансуб биз синфдошлар, мактабдошлар шу қадар аҳил ва дўст эдикки дарахтлар илдизларидек чатишиб кетган эдик. Урф-одатларимиз ва қадриятларимизни ҳурмат қилардик, туғилган кунларда бирга эдик. Миллатлараро нифоқ нима билмаганмиз. Пахта далаларида бир-биримизга ёрдамлашардик. Биргалашиб ҳаммамиз катта танаффусларда қўл ушлашиб ҳар хил ўйинлар ўйнардик…

Бизда ҳеч қачон миллатлараро низо бўлмаган, менинг Тўрткўлимнинг соддадил инсонлари буни тасдиқлашади. Ака-укалар, қардошлар билан мулоқотдаман. Миллатчилик деган сўзнинг ўзи йўқ! Ҳаммаси ҳайрон ва диллари оғриқда.

Фақат тинчлик қўрғонининг қалъалари мустаҳкам, мустақилликнинг абадий бўлишини ва Давлат раҳбаримизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлашларини айтишади. Биз чет эл оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарлар ва ҳар хил маълумотлардан ўлароқ, ишончли расмий манбалардаги бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларга нисбатан берилаётган аниқ фактларга ишониш кераклигини қайта-қайта такрорлайверамиз.

Тўғри, интернетларда берилаётган дил сўзлари, шоир ёзувчиларимизнинг қалб сатрларини ўқияпмиз. Дил изҳорлари, хотиралари бор. Жуда кўпчиликнинг хотирасини уйғотди, бўлиб ўтган хунрезликлар.

Ахир биз жаҳолат қилганларга ўз маърифатимиз билан жавоб қайтарадиган илмли, ақлли халқмиз. Жаҳолатларга қарши маърифат билан курашаётган минглаб инсонларимиз борлиги туфайли ҳам юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Мен Ўзбекистон фуқорасиман. Кўнглим осмон қадар баланд, чет элда ҳурмат қилишади, мақташади ва меҳмондўст халқ деб эъзозлашади.

Қон-қонимизга сингиб кетган дўстлик ва биродарликни, ўзаро ҳурмат-эътиборни, эътиқодимизни бизнинг юрагимиздан ҳеч қандай куч тортиб ололмайди. Ололмаган ҳам.

Демоқчиманки, қорақалпоқ ва ўзбек миллатлари дўстлиги сўнмас, давом этаверади.

Жазо муқаррар. Бузғунчи ғоялари билан миллатлараро дўстликка раҳна солиб, тўда бўлиб, уюшиб, алданиб, ўзининг ғаразли, ярамас мақсадларига эришмоқчи бўлганлар адашади.

Ҳалима Жуманиязова,
«Дўстлик» ордени соҳибаси, АҚШ (Facebook саҳифасидан олинди)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг