Тожикистонга кетаётганда чегарадан қанча миқдорда маҳсулот олиб ўтиш мумкин?

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ғайрат Сатторов берган маълумотга кўра, «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёда йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда 300 АҚШ доллари миқдоригача божхона тўлови ундирилмайди.
Жисмоний шахслар 3 000 АҚШ долларигача қийматидаги товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан олиб чиқиши мумкин. Шунингдек, айрим турдаги товарлар учун олиб чиқишнинг қуйидаги меъёрлари тасдиқланди:
- гуруч 3 кг.;
- нон маҳсулотлари 5 кг.;
- гўшт ва гўшт маҳсулотлари 2 кг.;
- шакар 2 кг.;
- ўсимлик ёғи 2 кг.;
- янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалар — 40 кг.гача;
- Алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пиво 2 литргача;
- барча турдаги тамаки маҳсулотлари 10 қутигача;
- атир ва атирсимон суюқликлар 3 донагача;
- қимматбаҳо метал ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари 65 граммгача.
Маълумот учун: жорий йилнинг 1 мартидан — 1 апрелигача «Жартепа» автомобиль ўтказиш пункти орқали мамлакатимизга киришда 18 минг нафардан, чиқишда 29 мингдан ортиқ фуқаролар чегарани кесиб ўтишган. Ушбу давр мобайнида жами 1 400 дан ортиқ автотранспорт воситалари ҳаракатланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter